Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўқитувчи маошига бемалол Tesla харид қила олади, оддий ишчи эса хорижга саёҳат қилиши мумкин». Норвегияда таҳсил олаётган талаба билан суҳбат
«Among youth» дунёнинг турли нуқталаридаги ўзбекистонлик талабалар ва ёш тадқиқотчилар билан суҳбатлар қилиб келади. Дастурнинг навбатдаги меҳмони Европанинг энг хушманзара давлатларидан бири — Норвегияда ўқиб, яшаб келаётган Нигина Жўраева бўлди.
Нигина Жўраева Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, ҳозирда Норвегия пойтахти Осло шаҳридаги OsloMET университетида педагогика йўналишида таҳсил олмоқда.
Суҳбат аввалида у Норвегияга келиш сабаблари ҳақида тўхталди:
Дадам 2004 йили ўқиш учун Норвегияга келган. Ўқишдан сўнг ишларини Норвегияда давом эттирди. Чамаси 14-15 ёшларимда дадам мендан Норвегияга келишимни сўради ва бу таклифни бажонидил қабул қилдим. Болалигимдан дунё кўришни ният қилардим ва чет эллик дўстлар орттиришни хоҳлардим. Бу ерга келиб аввал норвег тили курсида, кейин High school’да ўқидим. Болалар билан ишлашни яхши кўрганим боис, олий таълим учун OsloMET университетининг педагогика йўналишини танладим. Бу университет мамлакатдаги энг нуфузли билим юртларидан бири. Талабалар учун барча шароитлар яратилган. Лекин таълим фақат норвег тилида бўлгани боис, хорижлик талабаларни кам учратасиз.
— Педагогика, умуман, ўқитувчилик касбига Норвегияда муносабат қандай?
— Норвегияда ўқитувчининг қадри ниҳоятда баланд, ҳукумат улар учун барча зарур шароитлар яратиб берган. Масалан, норвегиялик ўқитувчи ойлик маошига бемалол Tesla автомобилини харид қила олади. Бу ерда ҳамма ҳалол ва ўз меҳнати билан натижага эришишга интилади. Шундан бўлса керак, таълим тизимида «домлани рози қилиш» тушунчаси йўқ.
Очиғи, Норвегияда нафақат ўқитувчилар, балки барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган. Улар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига ҳавас қиласиз. Энг эътиборлиси, ҳатто оддий ишчи ҳам оиласини етарлича таъминлаб, йил давомида турли хориж давлатларига саёҳат қила олади.
Умуман, норвеглар учун иш ва оила баланси муҳим. Баъзида ишдан кўра оиласини афзал кўришади. Ўз навбатида, буни иш берувчилар ҳам яхши англаган ҳолда ходимлар учун барча керакли қулайлик ва имтиёзлар беришган. Масалан, йилда 5 ҳафта таътил, агар фарзандли бўлсангиз 8-10 ойгача ойлигингиз тўлиқ тўлаб борилади. Мабодо ишсиз қолсангиз ҳукумат моддий ёрдам билан таъминлайди.
— Норвеглар характер жиҳатидан қандай халқ?
— Кузатишларим натижасида айта оламанки, норвеглар ажойиб халқ. Мамлакатга янги келган одамга бу ер умуман ёқмаслиги мумкин. Чунки норвеглар билан тезда дўст тутиниб кета олмайсиз. Уларга сизни ўрганиб олишлари учун озроқ вақт беришингиз керак. Аммо сиз билан дўст тутинса, улардан яхши дўст топилмайди, деб ўйлайман. Ёлғонни ёмон кўрадиган, содиқ дўст ва очиқкўнгил инсонлар.
— Норвеглар Ўзбекистон ҳақида билишадими?
— Очиғи, унчаликмас. Сабаби ҳукуматлараро алоқамиз яхши йўлга қўйилмаган. Бу, ўз навбатида, бу ерда истиқомат қилаётган ўзбеклар учун ҳам бирмунча қийинчиликлар келтириб чиқаради. Мисол учун, оддий виза масаласида Москвага бориб келишингизга тўғри келади. Норвегияда элчихонамиз очилишини хоҳлардим.
— Ўзбекистонда Норвегиядаги қандай инновацияларни жорий этиш мумкин, деб ўйлайсиз?
— Инновацияларга эътибор қаратиш яхши, албатта. Аммо бунгача фундаментал муаммоларни ечганимиз тўғрироқ, деб ҳисоблайман. Интернет нашрлари орқали Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиликларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Қиш келиб, интернет нашрларида ҳудудларда электр ва газ муаммолари ҳақидаги материаллар кўпаяди. Қолаверса, бир неча йил аввал интернет тезлигини 10 баробарга ошириш тўғрисида берилган ваъдалар ҳам ваъдалигича қолиб кетди. Илон Маск Марсни забт этаман, деб турган бир паллада юртимизда бундай муаммоларнинг борлигидан хафа бўласиз.
Норвегияга тўхталадиган бўлсам, бу ерда ортиқча қоғозбозликлар йўқ. Масалан, ҳатто уйланиш учун интернет орқали рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Бундан ташқари, норвеглар 2025 йилгача қоғоз пулларни муомаладан чиқармоқчи.
Келгусидаги мақсад ва режаларим кўп. Улардан бири, бу ерда эгаллаган билимларим асосида Ўзбекистонга қайтиб, хусусий мактаб очиш.
Мавзуга оид
08:16 / 09.06.2026
Норвегия дунёдаги энг чуқур сувости туннелини қурмоқда
08:59 / 28.05.2026
Норвегия Франциянинг ядровий “қалқони”га қўшилди
10:35 / 25.04.2026
Норвегияда болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади
08:40 / 23.03.2026