Жаҳон | 22:57 / 10.03.2021
6982
2 дақиқада ўқилади

БМТ Швейцарияда аёлларнинг ниқоб тақишлари тақиқланишини қоралади

Қонун аёлларнинг қандай кийинишларини белгиламаслиги керак. Ҳеч ким аёлларни юзини беркитишга мажбурламаслиги керак. Аммо ниқоб ёки паранжи тақишнинг расман тақиқланиши аёлларнинг диний эркинлигини чеклайди.

Фото: Fabrice Coffrini/AFP

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси Швейцарияда бўлиб ўтган жамоат жойларида юзни ёпишни тақиқлаш масаласи бўйича референдум натижаси юзасидан ана шундай баёнот билан чиқди

Экспертларнинг фикрича, юзни беркитувчи либос предметлари хавфсизлик, саломатлик ёки бошқаларнинг ҳуқуқларига нисбатан хавф туғдириши ҳақидаги «ноаниқ таъкидлар» ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш учун қонуний сабаб бўла олмайди.

 «Аёлни эри ёки оила аъзолари мажбурлагани учун ёхуд диний эътиқодидан келиб чиқиб ўз хоҳиши билан ниқоб таққанидан қатъий назар, ниқобнинг тақиқланиши аёлларни четга суриб қўяди ва уларнинг жамият ҳаётидан суриб чиқарилишига олиб келади», – деди бошқарма вакили Равина Шамдасани.

 У Европадаги мусулмон аёллар либослари сабабли камситишлар, душманларча муносабатга кўп дуч келишлари ва ҳатто ҳужумларга учрашларини, ниқоб ёки паранжи тақишнинг расман тақиқланиши вазиятни янада мураккаблаштиришини таъкидлади.

 Бошқарма мусулмон аёлларнинг камситилишига «қонунан рухсат берилгани»дан чуқур таассуф билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 7 март куни Швейцарияда жамоат жойларида юзни ёпишни тақиқлаш масаласи бўйича ўтказилган референдумда иштирок этганларнинг 53 фоизга яқини жамоат жойларида юзни ёпишни тақиқловчи қонун қабул қилинишини қўллаб-қувватлади, 47 фоиздан кўпроғи бу ташаббусга қарши чиқди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид