Ўзбекистон | 11:10 / 10.03.2021
2162
3 дақиқада ўқилади

Сингапур институти ҳузуридаги техникум Фарғона давлат университети ҳузурида қайта ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона давлат университети ҳузурида Фарғона кўп тармоқли техникуми фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳузуридаги Фарғона кўп тармоқли техникуми фаолиятини сақлаб қолган ҳолда, Фарғона давлат университети ҳузурида қайта ташкил этиш ҳамда 2020/2021 ўқув йилидан Фарғона политехника институти “Энергетика” факултетида бакалавриат таълим йўналиши бўйича қамров кескин ошгани сабабли, Фарғона шаҳар, Анорзор кўчасида жойлашган Фарғона кимё саноат коллежи бино ва иншоотларини Фарғона политехника институтига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин ўтказиб бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Фарғона давлат университетининг “Ижтимоий-иқтисодий” факултетининг Техникумга жойлаштирилишини таъминлайди.

Қуйидагилар Техникумнинг асосий фаолият йўналишлари ва вазифалари этиб белгиланади:

  • иқтисодиёт тармоқлари учун илғор технологиялар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллаган, талаб юқори бўлган ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш;
  • ўқувчиларни меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, юқори даражада назарий билим ва касбий амалий кўникмалар эгаллашни таъминлайдиган касб стандартлари доирасида ўқитиш;
  • ўқувчиларнинг бир неча квалификацияга эга бўлишида зарур бўлган кўникма ва малакаларни шакллантириш учун шароит яратиш;
  • ўрта бўғин мутахассис кадрларни тайёрлаш тизими ва мазмунини жамият эҳтиёжларидан, замонавий илм-фан ва техника ютуқларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
  • касб стандарти талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ ўқувчилар эгаллашлари лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш орқали касбга тайёрлаш;
  • ўқувчиларда ватанпарварлик, миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий, маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, ватан билан ғурурланиш ва ифтихор туйғусини шакллантириш;
  • таълим жараёни учун зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратиш ва ўқув жараёнига юқори иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни жалб этиш.

Техникум бино-иншоотлари Фарғона давлат университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳамда талабалар турар жойи белгиланган тартибда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун талабларига асосан таъмирлаб, жиҳозланади ҳамда бошқарувга берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид