Иқтисодиёт | 15:53 / 11.03.2021
9615
2 дақиқада ўқилади

Хорижий валюта хариди карантиндан олдинги давр кўрсаткичига қайтди

Жорий йил январ-феврал ойларида хўжалик субъектлари томонидан ички валюта бозоридан товар ва хизматлар импорти учун хорижий валюта хариди 1,72 млрд долларни ташкил этиб, қарийб карантиндан олдинги давр кўрсаткичига (2020 йил январ-феврал 1,77 млрд доллар) тенг бўлди.

Марказий банк хабарига кўра, молиявий ресурсларга, хусусан, кредит ва хорижий валютага бўлган талаб ҳам босқичма-босқич тикланиб бормоқда. Январ-феврал ойларида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 18,8 трлн сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан (18,7 трлн сўм) бироз ошди.

Республика товар-хом ашё биржасидаги умумий айланма феврал ойида январь ойига нисбатан 26,5 фоизга ва ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 1,6 баробарга кўпайди. Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий сони ҳам февраль ойида ўтган ойга нисбатан 19,6 фоизга ошди.

Ташқи талабнинг тикланиб бориши шароитида жорий йилнинг январ-феврал ойларида экспорт тушумлари (олтинни ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга ўсиб, 1,4 млрд долларга етди. Бунда, феврал ойида экспортдан тушумлар 743 млн долларни ташкил этиб, январь ойига нисбатан 13 фоизга ўсди.

Трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича тушумлар жорий йилнинг январь-февраль ойларида 892 млн долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошди.

Таъкидланишича, ушбу омиллар ички валюта бозорида таклифни қўллаб қувватлашга хизмат қилди ва натижада миллий валюта алмашув курси нисбатан барқарор шаклланиб, 2021 йил 1 март ҳолатига девалвация даражаси йил бошига нисбатан 0,6 фоизни ташкил этди.

Мавзуга оид