Жамият | 20:24 / 12.03.2021
4953
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний ва юридик шахсларга ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунни маъқуллади. Ушбу қонунда жисмоний ва юридик шахсларга ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилган.

Сенат ялпи мажлисида бугунги кунда Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган регламент билан белгилаб берилгани, хорижий мамлакатларда эса бундай қоидалар Конституциявий суд томонидан эмас, балки қонун билан белгилангани таъкидланиб, қонуннинг янги таҳририда ушбу камчилик бартараф этилиши билдирилди.

Қонуннинг янги таҳририда Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси қуйидагилар ҳисобига кенгайтирилмоқда:

  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази;
  • Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман);
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил.

Бундан ташқари, ушбу қонун билан фуқаролар ва юридик шахсларга муайян ишда қўлланган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Ушбу Конституциявий қонун президент томонидан имзоланиб, расмий эълон қилинганидан сўнг кучга киради.

Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг амалдаги таҳрири 2017 йил 31 май куни қабул қилинган бўлиб, ушбу Қонун бунгача ҳам икки марта – 1993 йил 6 май ҳамда 1995 йил 30 августда қабул қилинган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид