Ўзбекистон | 18:30 / 12.03.2021
2343
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилиб, сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Мазкур қонуннинг мақсади сифатида давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган очиқ ва шаффоф, самарали ва яхлит тизимни яратиш белгиланди.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги амалдаги қонуннинг ижросида юзага келаётган муаммолар ушбу қонунни қабул қилиш заруриятини вужудга келтиргани таъкидланди.

Хусусан, харидларнинг аксарият қисми очиқлик ва шаффофликни таъминловчи ахборот-коммуникация тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширилгани, харид қилиш тартибини назорат қилиш тизимининг бугунги талабга жавоб бермаслиги ҳамда давлат харидлари соҳасидаги ҳужжатларга риоя этмасликка йўл қўйиш ҳолатларининг кўпайиши каби камчиликлар учраётганлиги таъкидланди.

Муҳокама жараёнида 2019 йилда 729та ҳолатда 2 трлн 908 млрд сўмлик шартномаларнинг буюртмачилар томонидан берилган буюртмалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан битимлар тузилишига йўл қўйилгани маълум қилинди.

Муҳокама қилинаётган қонун:

  • давлат харидларига йўналтириладиган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбаларни мақсадли ишлатиш;
  • ҳукуматнинг кафолатланган кредит ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш;
  • давлат секторини зарур товар, иш ва хизматлар билан таъминлашда қисқа муддатларда «нарх-сифат» кўрсаткичларини уйғунлаштириш;
  • коррупцияга қарши курашишда самарали натижаларга эришиш каби бир қатор муҳим натижаларга эришишга хизмат қилиши таъкидланди.

Маълумот учун, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг амалдаги таҳрири 2018 йил 9 апрелда қабул қилинган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид