Ўзбекистон | 12:03 / 13.03.2021
3226
2 дақиқада ўқилади

Хивада ЮНЕСКО билан ҳамкорликда халқаро форум бўлиб ўтади 

Фото: Dunyo

Жорий йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда «Марказий Осиё цивилизациялар чорраҳасида» халқаро форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дунё» хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан Корея Республикаси Маданий мерос маъмурияти Меросни тарғиб қилиш бюроси бош директори Ли Кёнг Ҳун, ушбу ташкилотнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Чо Донг Чжу ва бошқа масъул ходимлари иштирокида «давра суҳбати» ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Ли Кёнг Ҳун Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Иннинг 2019 йил Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Фанлар академияси билан Корея Республикаси Маданий мерос маъмурияти ўртасида имзоланган маданий мерос соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми доирасидаги амалий ҳамкорликни юқори баҳолади. Унинг фикрича, маданий ва тарихий меросни асраш, ўрганиш ҳамда келажак авлодга етказиш жамият барқарор ривожланишини таъминлашда катта аҳамиятга эга.

Тадбирда Жанубий Корея томонига жорий йилда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири саналган Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда «Марказий Осиё цивилизациялар чорраҳасида» халқаро форуми бўлиб ўтиши ҳақида маълумот берилди. Ушбу форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президенти томонидан БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурилгани таъкидланди.

«Давра суҳбати» иштирокчилари бўлажак форумнинг минтақа ва унинг сарҳадларидан ташқарида цивилизациялар шаклланишида муҳим рол ўйнаган Марказий Осиё умумий маданияти ва меросини ўрганиш ҳамда оммалаштириш учун яна бир имконият эканини қайд этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид