2020 йил май ойида Сардоба сув омбори тўғони бузилиб кетиши оқибатида юз берган фожиа нафақат аҳоли уйларини вайрон қилди, балки минглаб гектар экин майдонлари, чорвачилик, паррандачилик ва ҳатто балиқчилик хўжаликларининг ҳам ҳосилларини бир зумда оқизиб кетди.

Kun.uz’га мурожаат қилган Сирдарёдаги ўнлаб балиқ хўжалиги раҳбарларининг айтишича, Сардоба сув омборининг бузилиб кетиши оқибатида Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларидаги 66та балиқ хўжалигининг сунъий кўллари ва ундаги балиқлар нобуд бўлган.

«Сардоба фожиаси бор-будимиздан айирди»

«Сирли кўл сири» балиқчилик хўжалиги иш бошқарувчиси Шойимқул Очиловнинг айтишича, Сардоба фожиаси балиқчиларни бор-будидан айирган.

«Тошқин бизни ҳам чеклаб ўтмади, кўриб турганингиздек, сунъий балиқ кўл чеккаларида бирорта дамба қолмади. 50 тонна балиқларимни сув оқизиб кетди, миллиарддан ошиқ майда балиқ – личинка ташлаган эдим, улар ҳам оқиб кетди. Балиқларни кўпайтирадиган инкубацион қурилмаларим, 10 тонна она балиқлар, насосларимиз, трансформаторларимиз – ҳамма-ҳаммаси оқиб кетди. Ҳозир 6 миллиард сўмдан ошиқ зарардаман.

Шойимқул Очилов - «Сирли кўл сири» балиқчилик хўжалиги иш бошқарувчиси

Президентимиз бирорта ҳам балиқчи бу ерда зарар кўрган ҳолда қолиб кетмаслиги, ҳаммаси тўлаб берилишини айтган эди. Лекин ҳеч ким бу ишни амалга оширмаяпти. Сирдарё вилоят ҳокимлигидагилар ваъдадан нарига ўтишмаяпти», дейди тадбиркор.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 8 январ куни бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бошчилигида ўтказилган йиғилишда бир ҳафта ичида Сардоба фожиасидан зарар кўрган балиқ хўжаликлари кўрган зарарни қоплаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топшириғи берилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоятдаги 66та балиқ хўжалигининг 3 минг 478 гектар сунъий кўл ҳавзалари яроқсиз ҳолга келган, зарар миқдори 135 миллиард 623 миллион сўмни ташкил қилмоқда.