Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Солиқчилар 1000га яқин корхонада кенг кўламли текширув ўтказади
Солиқ органлари солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаётган, фаолиятида юқори хавф даражаси аниқланган айрим хўжалик субъектларида Солиқ кодекси нормалари асосида солиқ аудити ўтказишни бошламоқда.
Давлат солиқ қўмитаси хабарига кўра, айни вақтда «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган тизими орқали 66та мезон асосида солиқ хавфи даражаси юқори бўлган соҳалар аниқлаб олинган. Булар қурилиш, ишлаб чиқариш, импорт, хизмат кўрсатиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидир.
Таъкидланишича, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализацияси билан шуғулланувчи субъектлар томонидан 2021 йилнинг январ ойида цемент маҳсулотлари реализациясидан 14 млрд сўм солиқлар тўланмаган. Бунинг оқибатида давлат бюджетига йўқотишларнинг йиллик миқдори тахминан 160-170 млрд сўмга етади.
2021 йилнинг январ ойида алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализацияси билан шуғулланувчи субъектлар томонидан 22 млрд сўмдан ортиқ солиқлар тўланмаган. Бунда давлат бюджетига йўқотишлар ўрта ҳисобда йиллик 260-270 млрд сўмни ташкил этиши мумкин.
Давлат солиқ қўмитасининг «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бошқариш» тизими 2021 йил 17 март ҳолатига солиқ хавфи даражаси ўта юқори бўлган 200дан зиёд корхонани аниқлагани айтилади.
Жорий йилнинг 20 апрелидан ушбу корхоналар (шу жумладан, йирик импортёрлар, қурилиш, алкогол ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи фирмалар, шунингдек хизмат кўрсатиш соҳаси)да босқичма-босқич солиқ аудити ўтказилади.
«Солиқ аудити ўтказиш фақатгина юқорида кўрсатилган фаолият турларига тааллуқли эмас. Агар солиқ тўловчиларда солиқлардан қочишнинг юқори хавф даражаси аниқланса, амалдаги қонунчилик талаблари доирасида солиқ аудити ўтказилади.
Бинобарин, эълон қилинган рўйхат «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган тизими натижаларига кўра солиқ тўлашдан бўйин товлаш хавфи юқори бўлган янги субъектлар билан тўлдирилиши мумкин», дейилади ДСҚ маълумотида.
Солиқ аудити ўтказиш босқичлари:
I-босқичда 2021 йил 20 апрелдан давлат солиқ органлари томонидан 56та корхонага нисбатан солиқ аудити ўтказилади;
II-босқичда 2021 йил 1 июлгача юқори солиқ хавфи мавжуд бўлган 150та корхона текширилади;
III-босқич 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўтказилиши назарда тутилган. Бу босқичда дастлабки аниқланган маълумотлар асосида яна 500-800та корхонада солиқ аудити ўтказилади.
«Шулардан келиб чиқиб, барча солиқ тўловчилардан солиқ қонунчилигига риоя этган ҳолда фаолият юритишни ҳамда хавфи юқори бўлган корхоналар рўйхатига кирмаслик учун «шубҳали» операцияларни амалга оширмасликни сўраб қоламиз.
Солиқ аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги «Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги 1-сон қарори билан тасдиқланган», деб хабар бермоқда қўмита.
Аввалроқ, тадбиркорлар Солиқ қўмитасини судга бергани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
14:52 / 14.11.2025
“Давлат аудити” дастурида рўйхатга олинмаган текширувлар ноқонуний деб топилади
09:10 / 23.10.2024
Энергетика ресурслари истеъмолчилари энергия аудитини ўтказиш тартиби тасдиқланди
17:37 / 12.07.2024
Ҳокимликларда ички аудит хизматлари ташкил этилади
16:49 / 22.02.2024