Жаҳон | 17:05 / 19.03.2021
15255
9 дақиқада ўқилади

Катта тадбир: Исроил қандай қилиб коронавирусга қарши эмлаш бўйича жаҳонда етакчига айланди?

18 мартга қадар Исроил узоқ вақт мобайнида эмлаш бўйича аҳоли жон бошига кўрсаткичлар борасида жаҳонда биринчи ўринни бермай келди. Бундай муваффақиятга мамлакат ичи ва ташқарисидан турлича қарашмоқда: Исроилни синов полигони, коронавирус билан курашиш дастури, сайловолди дастури деб аташаётган бўлса, жамиятда эмланмаганларни дискриминация қилиш хавфи ва ультраортодоксал аҳоли қатламининг эмланишдан бош тортиши – осон кечмагани ва кечмаётгани аниқ.

Уч локдаунни бошдан кечирган ва зиддиятли қарашларга тўла жамиятга эга давлат қандай қилиб вакцинация етакчисига айлана олди?

Фото Zuma / TASS

Исроил пандемияни жуда қийин ўтказди: ҳукумат вирусни жиловлаш учун уч марта локдаун жорий қилди. Илк локдаун ўтган йилнинг мартида киритилиб май охирида олиб ташланди. Ундан кейин касалланиш сони яна кўпая бошлади. Мамлакатни аста-секин иккинчи тўлқин қамраб олди ва Исроил ривожланган давлатлар орасида биринчилардан бўлиб сентябр ойида яна локдаун эълон қилишга мажбур бўлди: аҳолига яшаш жойидан 500 метрдан узоқроққа кетиш тақиқланди, мактаблар, спорт клублари, ресторанлар ва савдо марказлари ёпилди. Учинчи локдаун эса, оммавий эмлаш бошлангач жорий қилинди – декабр охирида. Аввалига, локдаун икки ҳафтагина давом этиши режаланганди, бироқ амалда феврал охирларидангина босқичма-босқич бекор қилина бошланди.

Жонс Ҳопкинс университетининг 18 мартда берган маълумотига кўра, пандемия бошланганидан бери Исроилда коронавирус билан шикастланишлар сони 825 минг 420, ўлим ҳолатлари сони 6069ни ташкил қилган, 797 минг 106 киши тузалган.

Синов полигони

«Исроил расмийлари Pfizer билан собитқадамликда музокара ўтказди», дейди компания бош директори Альберт Бурла. Унинг сўзларига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу унга 30 марта қўнғироқ қилгани, баъзан тунлари ҳам безовта қилганини айтган. Нетаняҳу доим ниманидир аниқлаштиришга уринарди: вакцинацияни мактабларда ўтказиш мумкинми ёки ҳомиладорлар орасида ўтказилган синовлар ҳақида қандай маълумотлар бор? «Ҳурматли бош вазир, ҳозир ярим кечаси 3 бўлди», деган Бурлага жавобан мамлакат раҳбари савол беришда давом этарди. Бошқа ОАВ рақамлар бўрттирилган, қўнғироқлар сони 17та бўлган, деб ёзишади.

Нетаняҳу соғлиқни сақлаш вазири Йоэль Эдельштейн билан бирга дунёдаги энг тез эмлаш тадбирини ташкил қилиш ва унинг пандемияга таъсири ҳақидаги маълумотларни баҳам кўришга ваъда беришди. Бунинг учун вакцина узлуксиз ва кенг кўламда етказиб берилиши шарт эди. Шу тариқа Исроил кенг кўламли вакцинация ўтказиш имконига эга бўлди, Pfizer эса, миллионлаб қатнашчилари билан синов полигонига эга бўлди. «Бусиз бирор компания биз томонга қиё ҳам боқмасди – улар биздан юзлаб каттароқ бозор қидирган бўлишарди», дейди Нетаняҳу. Коронавирус билан курашишда тезликни таъминлаш учун мамлакат армияси ёрдам берди: махсус штаб синов ўтказиш, карантинни назорат қилиш ва вакцинация учун жавобгар бўлди.

Исроил нисбатан кам аҳолига (9,3 миллион киши) ва ахбороти юқори даражада рақамлаштирилган соғлиқни сақлаш тизимига эга бўлгани учун ҳам Pfizer ‘га мос келди. Bloomberg маълумотига кўра, электрон тиббиёт карталаридан аҳолининг 99 фоизи фойдаланади.

Исроил нашрлари маълумотига кўра, Pfizer’ни  вакциналарни узлуксиз етказиб беришга ундаган омиллардан бири, мамлакатнинг препарат учун тўлашга рози бўлган нархидир. Маҳаллий нашрларга кўра Исроил анча баландроқ нарх тўлашга рози бўлган. Январда Jerusalem Post KAN телеканалига таяниб берган хабарига кўра, Исроил ҳар бир одамнинг эмланиши учун 47 АҚШ доллари атрофида ҳақ тўлашга рози бўлган. Bloomberg ўз навбатида бир доза учун 30 доллар тўланганини ва бу вакцинанинг белгиланган нархидан икки баробарга қимматроқ эканини айтган. Reuters эса, Евроиттифоқ Pfizer вакцинасининг бир дозаси учун 18,34 доллар, демак, бир кишига қилинадиган икки доза учун 36,68 доллар тўлашга рози бўлган, дея хабар берган.  

Сайловолди эмлаш

Pfizer билан келишувга эришгач, Нетаняҳу ушбу битим март охирига қадар 16 ёшдан катта барча аҳоли учун эмланиш имконини беради, деб ваъда қилди. 10 январда бош вазир 700000 доза олиб келган самолётни шахсан ўзи кутиб олди, 15 январда эса, Pfizer бошқа давлатларга вакцина етказиб бериш қисқаришини маълум қилди: компания ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун Бельгиядаги заводини модернизация қилмоқчи эди. Pfizer Исроил билан келишув бошқа давлатларга етказиб бериладиган тақсимотга таъсир қилмаганини маълум қилди. Бироқ Евроиттифоқ давлатлари вакцина етказиб беришдаги узилишлар фонида суд даъволари ва ишлаб чиқарувчилар учун чеклов чоралари ҳақида ўйлаб қолди. Исроилдан фарқли ўлароқ, Евроиттифоқ эмлаш кампаниясини самарали ташкиллаштира олмади.

Исроил вакцинация дастурини 20 декабрда бошлади. «Биринчи навбатда вакцинани мамлакатнинг 60 ёшдан катта ва бошқа касалликлари бор аҳолисига қилиш бошланди», дея сўзлаган Коронавирусга қарши курашиш миллий дастури координатори Нахман Аш The Wall Street Journal’га берган интервьюсида. Бу гуруҳлардан кейин мактабга қайта олиши учун 16-18 ёшли болалар эмланди. 16 ёшдан кичиклар вакцинацияга қўйилмади. Чунки Исроил амал қилаётган АҚШ регулятори Pfizer’нинг вакцинасини бу ёш гуруҳига тавсия қилмаган.

Январ охирига келиб, Исроилнинг 2,6 миллион аҳолиси вакцинанинг биринчи дозаси, 1,1 миллиони эса иккинчи дозани олиб бўлган эди. Кейинчалик барчада эмланиш имкони бўлди. Ашнинг сўзларига кўра, мамлакат жамоавий иммунитетга эга бўлиш сари одимлаяпти – бунинг учун аҳолининг 80 фоизи эмланиши зарур.

17 март ҳолатига кўра, Исроилнинг 47,39 фоиз аҳолиси иккита дозада эмланган, 55,41 фоизи эса бир доза олган. 12 мартга келиб, 50 ёшдан катталарнинг 86 фоизи тўлиқ эмланган, деб ёзади WSJ. Агар умумий ҳисобдан эмлаш мумкин бўлмаган қатлам – болалар ва 738000 нафар қайта касалланганларни чиқариб ташласак, 16 ёшдан катта аҳолининг эмланганлар фоизи 80 дан ошиб кетади, деб ёзади газета Ашнинг матбуот хизматига таяниб. Bloomberg трекерининг маълумотига кўра, 100 кишига 105 дозадан кўпроқ кўрсаткич тўғри келади. Солиштириш учун бу кўрсаткич Россияда 5,8, Германияда 11,8, Буюк Британияда 40 ни ташкил қилади.

Вакцина дипломатияси

Январда соғлиқни сақлаш вазири Исроил ортиқча вакциналарни нима қилмоқчи экани ҳали аниқ эмаслигини айтганди. «Биз ўзимизга етарли препарат борлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Агар етарли бўлса, яқин қўшниларимизга нима қилиб бера олишимиз ҳақида ўйлаб кўрамиз – фаластинликларнинг ёмон аҳволда экани, Исроилнинг муаммоси эмас», деб айтган вазир. Бироқ февралда Нетаняҳу фойдаланилмаган Moderna препаратларидан «вакцина дипломатияси» учун қўллашни ва 19 та давлатга жўнатилиши мумкинлигини айтган: «Фикримча, бу обрўйимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади».

Ҳондурас ва Чехия ҳукуматлари Исроилдан вакцина олишлари айтилганда, Фаластин ташқи ишлар вазири Риёз ал-Малики Нетаняҳунинг хатти-ҳаракатларини «сиёсий шантаж ва ахлоққа зид иш» деб атаган ва Исроилни босиб олинган ҳудуд олдидаги бурчларини писанд қилмасликда айблаган. Исроил ҳам ўз навбатида Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги ўзи-ўзини бошқариш жорий қилинган айрим ҳудудларга Фаластин жавобгар эканини айтган.

Оқибатда Фаластин 32000 дозадаги вакцина билан вакцинация дастурини йўлга қўйди ва COVAX глобал дастури орқали вакцина олишни кутишдан бошқа чораси қолмади. Кейинроқ Фаластинга бошқа давлатлар ёрдам беришга киришишди, 8 март куни эса Исроил ТИВ фаластинлик ишчиларни эмлашни бошлагани ва бу икки ҳафта давом этишини маълум қилди.

Вакцинация кампаниясининг муваффақиятли йўлга қўйилиши фонида Исроил декабрда жорий қилинган чекловларни босқичма-босқич бекор қила бошлади: 7 мартдан бошлаб ҳукумат карантиндан чиқишнинг 3-босқичини эълон қилди. 16 мартдан бошлаб эса, барча йўналишлар бўйича авиақатновлар тикланишига рухсат берилди.

Шоакмал Исроилов тайёрлади

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид