Клублар нега алданиб қолмоқда? ФИФА юридик департаменти директори билан эксклюзив интервью
Kun.uz ва «El Golazo» ўзбек футболи мухлислари учун қизиқарли мавзуларда суҳбат уюштиришда давом этади. Бу гал футболдаги юридик мавзу билимдони Эмилио Гарcиа Силверо билан суҳбатлашдик. Силверо ФИФА юридик департаменти директори ҳисобланади. Интервью давомида суҳбатдошимиз клубларда юзага келадиган ҳуқуқий муаммолар ҳақида гапириб, бу борада тавсияларини берди.
Зокиржон Холиқов: Ҳаммага хайрли кун. Kun.uz'даги «El Golazo» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони футбол ҳуқуқи соҳасида дунёдаги етакчи мутахассислардан бири, Испания футбол федерацияси, УЕФАда иш тажрибасига эга ва ҳозирги кунда ФИФА юридик департаменти директори Эмилио Гарсия Силверо.
Эмилио, ҳозирги кунда ФИФАдаги вазифаларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
Эмилио Гарсия: Биринчи навбатда, таклиф учун катта раҳмат. Сизлар билан суҳбат қуриб турганимдан хурсандман! Ҳозирда Цюрихда ФИФА юридик департаментини бошқараман. Департаментда 140 дан ортиқ мутахассис футболчилар трансферини тартибга солиш, футболдаги тижорат ҳуқуқи, антидопинг ва келишилган ўйинларга қарши курашиш каби соҳаларда фаолият олиб боради. Умуман айтганда, мен бошқараётган департамент ФИФА ичидаги энг муҳим бўлимлардан бири ҳисобланади. ФИФАдаги фаолиятимиз орқали доимий равишда футбол қонунчилигида ислоҳотлар олиб боришга ҳаракат қиламиз. Айниқса, футболчилар трансфери бўйича. ФИФАда фаолият олиб боришдан олдин 9 йил давомида Испания футбол федерациясида юридик бўлим бошлиғи сифатида ва УЕФАда 6 йил тартиб-интизом бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритганман.
Зокиржон Холиқов: Таништирув учун раҳмат, кейинги саволга ўтсак. Европа Суперлигаси ташкил этилиши борасида гап-сўзлар бутун дунёда муҳокама қилинмоқда. «Реал», «Барселона», АПЛ ва А Серия грандлари биргалашиб Европа Суперлигасини ташкил этмоқчи. Бу ҳуқуқий жиҳатдан иложи бор ҳодисами?
Эмилио Гарсия: ФИФА Европа Суперлигаси борасида ўз позициясини расман эълон қилди. Футбол ўйини миллий ассоциациялар, конфедерациялар ва ФИФА орқали тартибга солинади. Европа Суперлигаси ташкилотчилари эса бу уч турдаги ташкилотларнинг ҳеч бирига мансуб эмасди. Суперлига тузилиши футбол интеграциясига катта путур етказарди. Шуни инобатга олиб, ФИФА Европа Суперлигаси ташкил этишни ҳуқуқий жиҳатдан имконсиз деб эълон қилди.
Жаҳонгир Усманов: Жаноб Гарсия, нима учун битта миллий ассоциацияга тегишли клублар ва футболчилар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш учун ФИФАнинг Низоларни ҳал қилиш қўмитасига ёки Спорт арбитраж судига мурожаат қила олишмайди?
Эмилио Гарсия: Бу жуда қизиқ савол, ФИФА футболчилар трансфери ва шартномаларини тартибга солувчи нормаларга эга, лекин бу нормалар умумлаштирувчи характерга эга, чунки ФИФА бутун дунёдаги футбол низоларини ҳал қилиш учун моддий имкониятлари чекланган. ФИФАда Австралия ёки Янги Зеландиядан Канадагача, Аргентинадан Россиягача мавжуд 211 давлат меҳнат қонунчилигини биладиган судьялар йўқ. Бундан ташқари, низоларнинг ҳаммасини ФИФА судьялари кўриб чиқиши учун вақт етмайди. Ушбу турдаги низоларни адолатли ҳал қилиш учун ФИФА миллий ассоциациялар қошида футболчилар ва клублар вакилларидан иборат Низоларни ҳал қилиш палатасини ташкил этишни тавсия қилиб келмоқда.
Жаҳонгир Усманов: Агар ўзбек футболчиси ва ўзбек клуби ўртасидаги меҳнат шартномасида низоларни ҳал қилиш учун ишни Лозаннадаги Спорт арбитраж судига олиб бориш борасида банд бўлса-чи? Бу ҳолатда ҳам халқаро элемент бўлиши талаб этиладими?
Эмилио Гарсия: Бу борада аниқ банд кўрсатилган бўлса, ушбу ҳолатда гарчи томонлар битта миллий ассоциацияга тегишли бўлса ҳам, низоларни ҳал қилиш учун Спорт арбитраж судига мурожаат қилиши мумкин.
Зокиржон Холиқов: Бирдамлик механизми белгиланиши ҳақида сўрамоқчи эдим. Масалан, футболчини тарбия қилган клуб учинчи томон сифатида футболчиси бир клубдан бошқа клубга трансфер қилинганда трансфер суммасининг қанча қисмини олиши керак?
Эмилио Гарсия: ФИФАнинг футболчилар трансфери ва мақоми регламентида футболчи бир клубдан бошқа клубга трансфер қилинганда жами трансфер суммасининг беш фоизи ўша футболчини 12 ёшдан 23 ёшгача тарбиялаган клублар ўртасида бўлиб олинади. Лекин бу суммани аниқлаштиришда ва олишда тарбияловчи клублар қийинчиликка учрамоқда. Буни осонлаштириш учун жорий йил ФИФА Цюрихда алоҳида Компенсация палатасини ташкил этмоқчи. Унга кўра, сотиб олувчи клуб жами трансфер суммасининг беш фоизини тўғридан тўғри Компенсация палатаси ҳисобрақамига ўтказиб беради. Ўз навбатида, палата ушбу суммани футболчини 12 ёшдан 23 ёшгача бўлган даврда тарбиялаган клублар ўртасида бўлиб беради.
Масалан, француз клубида ўйновчи ўзбек футболчиси испан ёки итальян клубига трансфер қилинганда, жами трансфер суммасининг беш фоизини автоматик равишда ФИФАнинг Компенсация палатаси банк ҳисобрақамига, палата 90 кун ичида ушбу суммани тарбияловчи ўзбек клубига ўтказиб беради. Тарбияловчи клубларга ФИФА марказлашган тизим орқали енгилликлар яратмоқчи ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқчи.
Зокиржон Холиқов: Ўтган йил УЕФА томонидан «Манчестер Cити» клуби жазоланиб, Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этиши тақиқланганди, аммо кўп ўтмай бу жазо енгиллаштирилди. Бунинг сабабини биласизми?
Эмилио Гарсия: Биринчидан, бу жазо Лозаннадаги Спорт арбитраж суди томонидан енгиллаштирилди ва сабаблар ташкилот сайтида эълон қилинди. «Манчестер Cити»га бу санкциялар УЕФА томонидан 2010 йилдан бошлаб амалга татбиқ этилган молиявий фейр-плей доирасида қўлланилганди. Умуман олганда, 2004 йилдан бошлаб қўллаб келинаётган УЕФАнинг клубларни лицензиялаш тизими ва молиявий фейр-плей қоидалари бутун дунёда футбол ривожига ўзининг ҳиссасини қўшиб келмоқда. УЕФАнинг бу ишидан ФИФА ҳам намуна олиб, қоидаларни бошқа конфедерацияларга ҳам қўллаб келмоқда.
Зокиржон Холиқов: Кейинги савол бутун дунёда, жумладан, ўзбекистонлик футбол мухлисларида ҳам катта қизиқиш уйғотган Месси «Барселона»ни бепул тарк этиши масаласи. Бу борада сизнинг шахсий фикрингиз қанақа? Мессининг адвокатлари УЕФА ва ФИФАга маслаҳатлашиш учун мурожаат қилганми?
Эмилио Гарсия: Аввало, Мессининг шартномасида айнан қанақа бандлар борлигидан хабарим йўқ, чунки бу Месси ва «Барселона» клуби ўртасидаги шартнома, уни кўрмаганман. Мессининг вакиллари ФИФАга маслаҳатлашиш учун мурожаат қилгани йўқ. Шу йил 30 июн куни Мессининг «Барселона» билан шартномаси муддати тугайди, кўрамиз, Месси ёзда фаолиятини қаерда давом эттиради, «Барселона»дами ёки бошқа жамоада? Лео футболимизнинг асосий юлдузларидан бири, умид қиламан, узоқ йиллар яна Месси иштирокидаги ўйинлардан баҳраманд бўламиз.
Зокиржон Холиқов: Ўзбек клубларига чет эллик футболчилар ва мураббийлар билан шартнома имзолашда эътибор қаратиши керак бўлган муҳим жиҳатлар бўйича тавсияларингиз билан ўртоқлашсангиз. Охирги пайтларда ўзбек клублари бу борада оқсамоқда ва ФИФАдаги кўп ишларни ютқазмоқда.
Эмилио Гарсия: Ўзбек клублари чет элликлар билан шартнома имзолашда учта жиҳатга эътибор бериши керак. Биринчидан, клуб иқтисодий имкониятларини тўғри баҳолаган ҳолда чет элликларга маош белгилаши керак, чунки ФИФА қонунчилигида шартномада нима ёзилган бўлса, ўша нарса тўлиқ бажарилиши талаб этилади. Иккинчи энг муҳим жиҳат – шартнома муддати. Бу борада ҳам клуб ўз имкониятларини тўғри баҳолаши керак. Учинчидан, томонлар шартнома доирасидаги низоларни ҳал қилувчи органни аниқ белгилаб қўйиши керак. Масалан, Ўзбекистон судлари, ФИФА қўмиталарининг судлари ёки Лозаннадаги Спорт арбитраж суди.
Зокиржон Холиқов: Ўтган йил коронавирус сабаб ФИФА миллий ассоциацияларга молиявий ёрдам беришга қарор қилди, ушбу ёрдам пуллари миллий ассоциациялар томонидан қандай сарфланиши ва нимага сарфланиши мониторинг қилиб бориладими? Агар қилинса, бу жараён қандай амалга оширилади?
Эмилио Гарсия: ФИФА томонидан қабул қилиб олинган ёрдам пулларининг 500 минг доллари миллий ассоциациялар томонидан аёллар футболи ривожланишига сарфланиши, қолган қисми эса футбол ривожига сарфланиши керак. Бу борада миллий ассоциацияларга эркинлик берилади ва улар «футбол ривожига» деган бандини ўзлари ҳал қилишади. ФИФА қошида пандемия давридаги ёрдам пулларини ажратиш ва уларни сарфлашни тўғри назорат қилиш учун вақтинчалик қўмита ташкил этилган. Бу борадаги тўлиқ назорат мазкур қўмита орқали амалга оширилади.
Зокиржон Холиқов: Кўплаб миллий ассоциацияларда футбол агентларини аккредитациядан ўтказиш тизими мавжуд эмаслиги мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат футбол клубларида фаолият олиб борадиганлар учун агентлик фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қилмайди, бу борада ФИФАнинг позицияси қанақа?
Эмилио Гарсия: Дарҳақиқат, футбол агентларини аккредитациядан ўтказиш тизими баъзи миллий ассоциацияларда йўлга қўйилмаган ва бу кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб ФИФА яна футбол агентларини лицензиялаш тизимига қайтади. ФИФА футбол агентларига лицензия беришдан олдин уларни имтиҳондан ўтказади ва ягона тизим орқали уларнинг фаолиятини назорат қилиб боради. Бундан ташқари, футбол агентлари билан боғлиқ низоларни ҳал этиш учун ФИФА алоҳида ягона суд тизимини жорий этади.
Зокиржон Холиқов: Ўзбекистон футболи билан унчалик машҳур давлат эмас, шунга қарамасдан, ФИФАдаги юридик ишлари билан баъзи футбол клубларимиз номини эслаб қолган бўлсангиз керак. Бундан ташқари, ўзбек футболида фаолият олиб борганлардан кимларни танийсиз?
Эмилио Гарсия: ФИФАга 210 та миллий ассоциация аъзо ҳисобланади, шунинг учун алоҳида шахсларни эслаб қолиш қийин. Лекин ФИФА кунлари миллий жамоалар иштирокидаги ўйинларни кузатишга ҳаракат қиламан. Масалан, Ўзбекистон миллий жамоаси сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчилардан бири Сервер Жепаров ва адашмасам Ўзбекистон миллий жамоаси либосида энг кўп гол урган футболчи Максим Шацкихни танийман. Ўзбек футболида улардан бошқа ҳеч кимни танимайман.
Зокиржон Холиқов: Суҳбат ва футболдаги халқаро бой тажрибангиз билан бўлишганингиз учун сизга Kun.uz жамоаси номидан ўз миннатдорлигимизни билдириб қоламиз ва кейинги фаолиятингизда омад тилаймиз!
Эмилио Гарсия: Катта раҳмат. Яқин орада яна кўришишимизга умид қиламан, Ўзбекистон миллий жамоасига омад тилайман.
Мавзуга оид
09:20 / 16.11.2024
Европада яккаланаётган Исроил футболи
19:09 / 17.10.2024
Қозоғистон бош мураббийи Черчесов қозоқ тили ҳақидаги ҳазили учун жазоланди
11:52 / 06.09.2024
Ўзбекистон ва Британия футбол соҳасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш имконини муҳокама қилмоқда
13:42 / 19.08.2024