Ўзбекистон | 13:55 / 26.03.2021
3737
3 дақиқада ўқилади

Тошкент материалшунослик университети ташкил этилади

Тошкент материалшунослик университетини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Фото: KUN.UZ

Лойиҳага кўра, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Композит нанотехнологияси» МЧЖнинг Тошкент материалшунослик университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Лойиҳада қуйидагилар университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланиши назарда тутилмоқда:

  • республика иқтисодиёти реал секторининг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, материалшунослик ва янги материаллар технологияси, шунингдек, бошқа соҳаларда юқори малакали олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;
  • юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг ҳамкорликни амалга ошириш;
  • республика ва хорижий давлатлар кадрларининг малакасини ошириш, илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;
  • таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
  • илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш.

Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, мустақил балансига эга, ихтиёрида бўлган пул маблағлари ва мол-мулки билан ўз мажбуриятлари доирасида жавоб бериши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, «blendedlearning» ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида амалга оширилади.

Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, юридик шахслар — потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари ҳамда тўлов-шартнома миқдори ижтимоий-иқтисодий соҳадаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан тасдиқланади.

Университет Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Мирзо Ғолиб кўчаси, 7-а уй манзилида ташкил этилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид