Ўзбекистон | 09:59 / 27.03.2021
9460
3 дақиқада ўқилади

Янги қурилган уйларни қабул қилишда коррупцияга йўл қўйилмайди – Шерзод Ҳидоятов

26 март куни АОКАда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида коммунал соҳадаги муаммоларни бартараф этиш учун амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов вазирлик янги қурилган кўп қаватли уйларни қабул қилиб олишда коррупцияга йўл қўйилмаслиги учун қандай йўл тутиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Янги қурилган уйларни қабул қилишда Қурилиш вазирлигининг назорат инспекцияси қатнашиб келяпти. Бу вазиятда коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида ушбу жараён рақамлаштирилган. Ҳар бир инспектор махсус планшетга эга. Уй-жойларни қабул қилишда қурилиш жараёнини расмга олиб платформага жойлаштиради. Платформада электрон тарзда камчиликлар аниқланади. Шунга қараб қабул қилиш ёки қилмаслик ҳақида маълумот берилади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги назорат инспекцияси эса битган тайёр уйларнинг аҳолига хизмат кўрсатиш тизимини назорат қилади. Иссиқлик тизими, канализация, сув қувурлари, лифтлар, электр тармоқлари билан таъминланиши, сифати ҳақидаги барча маълумотлар ўрганилиб Қурилиш вазирлиги инспекциясига бу уйнинг қабул қилиниши ёки қилинмаслиги ҳақида хулоса берилади. Ҳар бир хонадон ўрганилиб, қаердадир камчиликлар бўлса аниқланади. Биз ҳам буни рақамлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз. Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун», деган вазир.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров Зангиота туманида ёз ойларида ичимлик суви етиб бормаслиги муаммоси юзасидан берилган саволга жавоб қайтарди.

«Ҳақиқатан ҳам Зангиота туманида ичимлик суви билан таъминланиш масаласида муаммо бор. Бу ҳудудга «Мусаффо обиҳаёт» ташкилоти хизмат кўрсатади. Бу муаммони ечиш учун ўтган йили иш бошладик: 2та резервуар ҳозир қўйиляпти. Яна 8 километрга яқин сув тармоғи тортилади.

2021 йилда янги лойиҳа доирасида Зангиота ва Қибрай тумани ҳудудларининг бир қисми марказлашган ичимлик суви билан таъминланишини янада яхшилаш мақсадида қуввати 100 минг куб метр бўлган «Қодирия» сув тозалаш ва таъминлаш иншооти реконструкция қилинади ва 56 км магистрал сув тармоғи қурилади», деган у Зангиота тумани Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Тошкент вилояти шаҳар ва туманларининг ичимлик сув таъминоти тизимларини реконструкция қилиш» лойиҳасига киритилгани борасидаги саволга жавобан.

Мавзуга оид