Жамият | 21:59 / 30.03.2021
6095
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоят прокуратурасига келган аёллар «йўқотилиши» айтилган аудио юзасидан вилоят прокуратураси муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоят прокуратураси ходимининг суҳбати сифатида ёзиб олинган аудиоёзув тарқалган. Прокуратура эса буни расмий баёнатида инкор этди.

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоят прокуратураси ходими сифатида эътироф этилган икки нафар фуқаронинг телефонда сўзлашган аудиоси тарқалди.

Телефон чақирувига Комиловман дея жавоб берган йигитга суҳбатдоши Муҳиддин ака дея мурожаат қилади. У ўз сўзида давом этиб, прокуратура эшиги олдида уч нафар аёл турганини билдириб, уларнинг қабул қилингани билан қизиқади. Комилов эса телефонда берилган саволга «Гаплашилди. Йўқот», — дея жавоб беради.

Мазкур ҳолатга Фарғона вилоят прокуратураси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди. Таъкидланишича, ушбу аудиоёзувда вилоят прокуратураси биносига бириктирилган қўриқлаш хизмати ходимларининг ўзаро суҳбати қайд қилинган. Ушбу жараёнда прокуратура ходимлари иштирок этмаган.

Ҳозирда Миллий гвардия Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилаётгани билдирилган.

Шунингдек, расмий муносабатда Фарғона вилоят прокуратурасида фуқароларнинг қабули Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида» Қонуни талаблари асосида йўлга қўйилгани маълум қилинган. 

Мавзуга оид