Жамият | 22:58 / 30.03.2021
23217
2 дақиқада ўқилади

Қаршида пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган икки нафар қизни уриб юборган ҳайдовчи қочиб кетди

Қарши шаҳрида ҳайдовчилардан бири пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган икки нафар қизни уриб, қочиб кетган. Тезкор суриштирувларда ҳайдовчи топилиб, унга чора кўрилган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, жорий йил 19 март куни соат 15:20 ларда, Қарши шаҳар, И.Каримов кўчасида жойлашган савдо маркази рўпарасида, «Кобальт» автомашинаси ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган Д.Б. ва М.Б.ларни уриб юбориб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса жойидан қочиб кетган. Пиёдалар Б.Д. ва М.Б.лар енгил тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилган.

Шундан сўнг, Қарши шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган суриштирувда «Кобальт» ҳайдовчиси топилган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига юборилган.

Қайд этилишича, суд томонидан ҳайдовчи Ш.Н. маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133 (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) ва 137-моддалари (йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш)да кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган, дея топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид