Ўзбекистон | 20:05 / 30.03.2021
5879
2 дақиқада ўқилади

Қийноқ учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлисга тақдим этилган қонун лойиҳасида қийноққа солиш ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун жазо чораларини кучайтириш ҳамда қийноқ ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатлар натижасида зарар кўрган фуқароларга моддий ва маънавий зарарнинг давлат томонидан қопланиши механизмини қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Элёр Жабборов қонун лойиҳасидаги янгиликларни маълум қилди.

Унга кўра, қийноқ билан боғлиқ жиноят содир этган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 64-моддасига асосан жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш ҳамда 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш каби нормаларнинг қўлланмаслиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қийноқ учун ЖК 235-моддасининг иккинчи қисмининг санкциясида озодликдан маҳрум қилиш жазосини 7 йилдан 10 йилгача, учинчи қисмининг санкциясида 10 йилдан 15 йилгача узайтириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 991 ва 1021-моддаларига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноят натижасида фуқарога етказилган моддий ва маънавий зарар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд мансабдор шахсларининг айбидан қатъи назар тўланишига оид қўшимчалар киритилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид