Жамият | 02:00 / 30.03.2021
6480
2 дақиқада ўқилади

СамДТИда халқаро конференция: унда етти давлатнинг 250 дан ортиқ мутахассислари қатнашди

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Жорий йилнинг 26 март куни Самарқанд давлат тиббиёт институтида “Ички тиббиёт тадқиқотларида инновацион тараққиёт” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Конференцияда Полша, Туркия, Россия, Украина, Қозоғистон, Тожикистон каби хорижий давлатлар ҳамда мамлакатимизнинг етакчи тиббиёт олийгоҳлари, илмий-текшириш институтларининг 250 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Замонавий тиббиётда тадқиқотлар ўтказилишида инновацион ёндашишлар муҳокама қилинди.

Анжуманни СамДТИ ректори, профессор Жасур Ризаев очиб берди. Ректор кўлами кенг, аниқ мақсадларни ўзида жамлаган тиббий тадқиқотларга бағишланган анжуманларнинг бугунги кунда ниҳоятда долзарблиги, юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасининг изчил ислоҳ қилинаётгани, касалликларга қарши курашда илғор хорижий технологиялар ва илмий-амалий ечимларнинг ўзлаштирилаётгани ҳақида сўз юритди.

Конференцияда хорижий ва юртимиздаги тиббиёт университетлари ректорлари, Россия ва Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси академиклари, мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий-текшириш институтлари етакчи олимлари ўз чиқишларида тиббий тадқиқотларда инновацияларнинг муҳимлиги, замонавий тиббиётнинг ютуқлари тўғрисида фикр билдиришди.

Халқаро конференциянинг асосий ишлари 8 та шуъбада давом эттирилиб, уларда ички касалликлар фанидан, жумладан, кардиология, пулмонология, гастроэнтерология, ревматология, нефрология, оила тиббиёти ва бошқа йўналишларнинг инновацион ишланмаларига бағишланган 90 дан ортиқ маърузалар эшитилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ташаббуси билан ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда республикамизда тиббиёт соҳаси, жумладан, шифокорларни замон талабига мос равишда тайёрлаш, таълим ва амалиёт сифатини янада ошириш, соғлиқни сақлаш амалиётининг турли йўналишларига оид фундаментал илм-фан янгиликларини доимий жорий этиш, мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳларининг дунё етакчи тиббиёт университетлари ва илмий марказлари билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Мавзуга оид