РФ ТИВ раҳбари америкаликлар айниқса шу йўналишда «алоҳида фаоллик кўрсатаётгани»ни қайд этган.
Ғарб давлатлари ўз олдига Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни заифлаштиришни мақсад қилишган. Бу ҳақда РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Биринчи канал»да «Большая игра» дастури учун берган интервьюсида айтиб ўтган.
«Ҳозирда АҚШ ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё билан ўрнатган иқтисодий алоқалари ҳажмини бизнинг иқтисодий алоқаларимиз билан таққослаб бўлмайди. Аммо [Ғарб томонидан] белгилаб қўйилган мақсад шундай - қандай қилиб бўлмасин, бизнинг иттифоқчиларимиз ва стратегик ҳамкорларимиз билан алоқаларимизни заифлаштириш», деган Лавров.
Россия ТИВ раҳбари АҚШ ҳам, Европа мамлакатлари ҳам бу йўналишда фаол ҳаракат қилишаётгани, аммо америкаликлар Марказий Осиёда фаолроқ эканини қайд этган.
«Америкаликлар ўз форматларини - «С5+1» (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ) тузишган. Россияда ҳам Марказий Осиёда ШҲТ, МДҲ, ЕОИИ, КХШТдан ташқари «5+1» формати бўйича алоқалар бор. Бу формат фойдалидир», дея эслатган вазир.