Иқтисодиёт | 14:01 / 03.04.2021
20684
4 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Жаҳон бозорида олтин инфляцияси рўй бермоқда

2020 йилнинг август ойидан бери олтин нархи 19 фоизга пасайиб кетган. Ўзбекистон олтин экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан бири эканлигидан келиб чиқиб, бу мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир қилиши мумкин. Хусусан, 2020 йилда республика ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажмининг 38,3 фоизини олтин ташкил қилган.

Фото: Dario Pignatelli/Bloomberg

2021 йилнинг биринчи чорагида олтин нархи сезиларли даражада арзонлашди. Қимматбаҳо металл ўтган йилнинг август ойидаги энг юқори кўрсаткичдан 19 фоизга пасайиб кетди ва пандемия бошланишидан аввалги — 2020 йилнинг февраль ойидаги даражасига қайтди.

Аммо олтин учун муаммолар ҳали ҳам долзарб бўлиб, кутилмаган ҳодисалар бўлиб келмоқда.

Олтин нархининг арзонлашишига қимматбаҳо металлнинг энг юқори нархга кўтарилган пайтдан кейинги СОVID-19 пандемиясига қарши курашдаги тараққиёт ҳам таъсир кўрсатди. Вакциналар ишлаб чиқариш ва вакцинация жараёни ўша пайтдаги кутилмалардан анча тезроқ содир бўлди.

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чораги сўнгги ўн йилликлардаги облигациялар бозори учун энг ёмон давр бўлди. 1980 йилнинг биринчи ва учинчи чорагидан бери Barclays Treasuries индекси 4 фоизга арзонлашиб кетган. Облигация нархларининг пасайиши ўз навбатида олтин нархларига ҳам бевосита таъсир кўрсатган.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, олтин нархларининг пасайишига крипто-валюта майдонида янги рақобатчилар пайдо бўлиши ҳам таъсир кўрсатган. Биткойн сингари крипто-валюталар нархининг ошиши ва уларга бўлган талабнинг кучайиши қимматбаҳо металлга бўлган талабни пасайтирган. Finbold маълумотларига кўра, биткойн фючерсларидаги савдо ҳажми тез ўсиб, олтин олди-сотдиси камаймоқда.

Олтин ҳимоя активи ҳисобланиб, иқтисодиётнинг пандемиядан қандай чиқиши ва облигациялар рентабеллиги унинг нархларига таъсир қилувчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда муҳим аҳамият касб этувчи олтин экспорти

Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил давомида сотилган номонетар олтин миқдори 687 тоннани ташкил этган.

Ўзбекистон олтин экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Хусусан, 2020 йилнинг январь—декабрь ойлари якунлари бўйича республика ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажмининг 38,3 фоизини (5 миллиард 804 миллион доллар) олтин ташкил қилган. 2019 йилда олтин экспорти 4 миллиард 918 миллион доллар бўлгани қайд қилинган.

Жорий йил 1 март ҳолати бўйича, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 33,2 млрд доллар бўлиб, шундан қуйма шаклдаги монетар олтин қиймати 19,73 млрд долларни ташкил этмоқда. 1 февраль ҳолати бўйича захирадаги монетар олтин ҳажми 0,2 миллион троя унциясига (6,2 тонна) ошганига қарамай, жаҳон бозорида олтин нархлари арзонлашиши сабабли олтин захираларининг нархи 0,5 миллион долларга пасайган. Ўзбекистон олтин-валюта захираларининг катта қисми монетар олтин шаклида экани ҳисобга олинса, жаҳон бозорида қимматбаҳо металл нархларининг пасайиши олтин-валюта захираларининг камайишига олиб келиши мумкин.

2020 йил июль ҳамда август ойларида Ўзбекистонда олтин экспортининг ошгани қайд этилган.

2020 йил август ойи бошида олтин нархи тарихда илк марта унцияси учун 2000 доллардан ошиб, рекорд даражада – 2067 долларга кўтарилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки икки ойи давомида Ўзбекистон умуман олтин экспорт қилмаган. Бу экспорт ҳажмининг 43,2 фоизга камайиб кетишида муҳим омил ҳисобланади.

Мавзуга оид