Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига қўй суруви ҳайдаб келгани тасвирланган видео 6 апрел куни тарқалди. Ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб келинган 1,5 мингга яқин қўйдан иборат пода одамлар орасида кенг муҳокама қилинмоқда.
Айни масала юзасидан бугун, 8 апрел куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зоиров, туман ИИБ, солиқ бошқармаси раҳбари ва туман прокурори қатнашди.
Биринчи бўлиб сўз олган Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зоировнинг айтишича, одамлар орасида кластер тизимига ўтиш тарғиботи амалга оширилган бўлса-да, тушунмовчиликлар сақланиб қолгани учун юқоридаги ҳолат юзага келган.
«Нуробод туманининг 356 минг гектар ерлари яйлов сифатида рўйхатга олинган. Туманимиз чорвачиликка мослашган. 2020 йилда президент қарори билан яйловлар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфига ўтказилди. Бу қарордан кейин қўмита барча ерларни рўйхатга олди. Шу асосида туманда иккита кластер ташкил этилди ва бу икки кластерга яйловлар ижарага берилди («Самарқанд қоракўл кластер» МЧЖ корхонасига 151 минг гектар, «SP LUXE» МЧЖ қўшма корхонасига 197,2 гектар).
Кластерлар олдига маҳсулот ишлаб чиқаришдан уни қайта ишлашгача бўлган жараённи назорат қилиш вазифаси қўйилди.
Туман марказига яқин қишлоқларда «SP LUXE» кластери томонидан фермер хўжалиги ташкил этилиб, уларга 49 йилга ер ижарага берилган. Фермер хўжалигида 1 450 та чорва боқилмоқда.
Видеоси тарқалган ҳолатда бошқа ҳудуддан қўйлар ҳайдаб борилган. Шундан сўнг «SP LUXE» МЧЖ вакиллари билан бирга вазият ўрганилди. Бу қўйлар орасида аҳолининг чорваси бўлмаган. Аҳолига чорваларини рўйхатга олган ҳолда МЧЖ ташкил этиб, қонуний ҳаракат қилиш тушунтирилди. Учрашувда одамларга юридик шахс очилган ҳолатда ер уларга кластердан ижарага берилиши айтилди», — деди Нуробод туман ҳокими Ф.Зоиров.
Ҳокимлик биноси олдига сурувларини ҳайдаб борган Қиличли маҳалласи Нуробод туман ИИБга қарашли сектор ҳисобланади. Сектор раҳбари, туман ИИО ФМБ бошлиғи Аслам Очилов ҳам матбуот анжуманида иштирок этди ва унинг айтишича, фуқаролардан олдин бу яйлов билан боғлиқ муаммо борасида мурожаат бўлмаган.
«Бир ойда тўрт марта фуқаролар билан учрашаман. Мурожаатлар асосан йўллар, коммунал ва ишсизлик масаласида бўлади. Яйлов борасида шу вақтгача мурожаат бўлмаган», — деди А.Очилов.
















