Жамият | 19:28 / 12.04.2021
2194
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда машина ичидан пулларни ўғирлаган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Самарқанд шаҳрида фуқаролардан бирининг машинаси эшикларини бузиб очиб, сўнг пулларни ўғирлаб кетган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-сон ИИБга фуқаро Ж.Нарбаев ариза билан ўзига тегишли «Nexia» машинаси эшикларини номаълум шахс бузиб очгани ҳақида мурожаат қилган. У ўз мурожаатида машина салонидан 300 АҚШ доллари, 500 минг сўм пул ҳамда баҳоси 680 минг сўм бўлган машина ўриндиқ қопламаси йўқолганини билдириб, ўғрини аниқлаш ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур мурожаат юзасидан, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ЖҚГ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида ўғри ушланган. Қайд этилишича, мазкур жиноятни Булунғур тумани, Оқтепа кўчасида яшовчи, муқаддам ўғрилик жинояти билан судланган, 1985 йилда туғилган У.И. содир қилгани аниқланиб, ундан ашёвий далиллар ҳужжатлаштирилиб олинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан У.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид