Иқтисодиёт | 20:10 / 15.04.2021
7700
2 дақиқада ўқилади

«Бу – эришса бўладиган катта мақсад». Молия вазирлиги капитал бозорини қандай ривожлантирмоқчи?

Президент фармони билан 1 майдан эътиборан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолияти тугатилиб, унинг ваколатлари Молия вазирлигига берилиши белгиланган.

Молия вазирлиги департаменти директори Сарварбек Аҳмедов капитал бозорини ривожлантириш борасида бажарилиши белгиланган вазифаларни айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, бу тизимни ривожлантириш мураккаб, аммо мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга.

«Капитал бозорида акциялар, яъни қимматли қоғозлар олди-сотди қилинади. Бу орқали давлатга эгалик қилиш ҳуқуқи сотиб олинади.

Қимматли қоғозлар облигациялар бўлиб, улар давлатнинг суверен облигациялари ва корпоратив (корхоналар) қимматли қоғозларидан иборат.

Президент фармони билан капитал бозорини ривожлантириш учун 3 йиллик дастур қабул қилинди. Бунда аввало, ҳуқуқий ва техник инфратузилмани яхшилаш вазифаси қўйилди.

Олдимизда турган асосий мақсадлардан бири аҳолининг капитал бозоридаги фаоллигини таъминлаш.

Бунда турли рекламалар, тақдимот материаллари, капитал бозорининг профессионал қатнашувчилари ёрдамидан фойдаланамиз», деди у.

Сарварбек Аҳмедов шунингдек, капитал бозорини кейинги уч йиллик ривожлантиришга қаратилган дастур ҳақида ҳам маълумот берди.

«Унинг мақсадли кўрсаткичларидан бири – капитал бозори капиталлашувини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга, яъни 45 триллион сўмга чиқаришдан иборат.

Бу – эришса бўладиган катта мақсад, лекин ўзига яраша машаққат талаб қилади», деди Сарварбек Аҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан 2021 йил 1 майдан бошлаб Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тугатилиб, агентлик ваколатлари Молия вазирлигига берилмоқда.

Шунингдек, «Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони ҳам қабул қилинди.  

Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистон капитал бозори капиталлашуви мамлакат ЯИМга нисбатан 1 фоизга тенг. Ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич 30–60 фоиз, ривожланган давлатларда эса 100 фоиз ва ундан ҳам ортиқни ташкил этади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид