22:22 / 19.04.2021
12666

Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди

Президентнинг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Қарор билан Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил этилди.

Университет қуйидаги соҳалар учун малакали кадрларни мақсадли тайёрлашни амалга оширувчи базавий олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди:

  • Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия учун – жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасининг тегишинча жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими талабларини амалга ошириш йўналишларида;
  • Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун –ҳарбий дипломатия, юриспруденция ва иқтисодиёт ҳамда муҳандислик-техник, тарбиявий-психологик ва қўмондонлик-тактик фаолият соҳасида;
  • ўз қўриқлаш тузилмаларига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун – қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасининг барча йўналишларида.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, университетда профессионал кадрларни тайёрлаш жараёнига бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий этилади.

Ҳужжатда белгиланишича: 

  • Университетда бакалавриат дастури бўйича ўқитиш жараёни таълимнинг кундузги ва сиртқи шаклларида ташкил этилиб, битирувчиларга олий таълимнинг биринчи босқичини тамомлаганини тасдиқловчи диплом берилади;
  • Университетда магистратура дастури бўйича ўқитиш жараёни бир йиллик ўқиш муддати билан амалий фаолиятга йўналтирилган ҳолда ташкил этилиб, битирувчиларга олий таълимнинг иккинчи босқичини тамомлаганини тасдиқловчи диплом берилади;
  • Университетнинг сиртқи таълим шакли камида уч йиллик ҳарбий хизмат (хизмат) стажига эга бўлган Миллий гвардиянинг амалдаги ҳарбий хизматчилари (ходимлари) учун назарда тутилиб, унда ўқиш муддати олий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун тўрт йилни, олий маълумотга эга бўлган шахслар учун тўлов-контракт асосида уч йилни ташкил этади;
  • Университетнинг йиллик қабул квотаси бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 300 нафаргача курсантларни, сиртқи таълим шаклига 100 нафаргача тингловчиларни ташкил этади;
  • Университет магистратурасини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом ҳарбий хизмат (хизмат)ни ўташда Қуролли Кучлар Академиясининг икки йиллик магистратура дастурини, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг иккинчи даражадаги магистратурасини, шунингдек, хорижий мамлакатлар ҳарбий академияларини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломларга тенглаштирилади;

Университетнинг сиртқи таълим шаклига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати томонидан ҳар йили белгиланадиган қўшимча квота бўйича бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қуролли Кучларда камида уч йиллик ҳарбий хизмат (хизмат) стажига эга бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Top