Жамият | 10:49 / 04.03.2026
2366
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙҲХХ йиғилиши: “шашка”, дрифт ва пойга видеоларига қарши чоралар кучайтирилади

Тошкентда йўл ҳаракати қоидаларини бузишни тарғиб қилувчи — “шашка”, дрифт ва ноқонуний кўча пойгалари акс этган видеоматериалларга қарши чоралар кучайтирилади. Бу каби контентни тарқатаётган шахсларни аниқлаш ва қўпол қоидабузарликларни “пиар” қилган аккаунтларни блоклаш масаласи белгиланди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти

Мазкур йўналишда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал-майор Рустам Жўраев раислигида йиғилиш ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар ИИВ ЖХД ЙҲХХ ҳамда пойтахт ИИББ ЙҲХБ раҳбарияти, ЙПХ бригада ва баталон қўмондонлари, соҳавий бўлинмалар бошлиқлари иштирок этди.

Йиғилишда ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва YouTube видеохостингида йўл ҳаракати қоидаларини бузишни тарғиб қилувчи видеоматериаллар тарқатилаётгани таъкидланди. Хусусан, хавфли ҳайдовчилик, ноқонуний кўча пойгалари, дрифт ва “шашка” каби ҳаракатлар акс этган видеолар қайд этилди.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида интернет тармоғини доимий мониторинг қилиш, бундай видеоларни жойлаштираётган шахсларни аниқлаш, уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўриш, шунингдек қўпол қоидабузарликларни “пиар” қилиб намойиш этган аккаунтларни блоклаш белгиланди.

Шунингдек, департамент раҳбари авариялар сонини камайтириш, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, стационар ва мобил постлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда блогерлар ва қўпол қоидабузар ҳайдовчилар билан профилактик ишларни фаоллаштириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Тунги рейд тадбирларини кучайтириш, йўл безорилиги учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Маълум қилинишича, жорий йил 26 феврал куни бошланган оператив-профилактик рейд тадбирлари доирасида 3 март кунига қадар интернет платформалари ўрганилиб, йўл безорилиги акс этган 107 та видеолавҳа аниқланган. Улар асосида 66 нафар ҳайдовчига нисбатан баённомалар расмийлаштирилган, 62 та автомобил жарима майдонига жойлаштирилган.

Шунингдек, ЙПХ ва ППХ ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни ноқонуний сақлаш билан боғлиқ 23 та ҳолат, ўткир жисмларни олиб юришга доир 262 та ҳолат аниқлангани билдирилди.

Рейдлар давомида жами 5 919 та қўпол қоидабузарлик қайд этилган. Асосий қоидабузарлик турлари орасида: пойга — 4 та, бўйсунмаслик — 70 та, тонировка — 116 та, ноқонуний сирена ва маёқчалар — 61 та, давлат рақамисиз бошқариш — 34 та. Ҳуқуқбузарлар орасида 54 нафар вояга етмаган шахс ҳам аниқланган.

Рейд тадбирлари республика бўйлаб давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид