Ўзбекистон | 09:46 / 19.04.2021
10224
3 дақиқада ўқилади

Русланбек Давлетов вилоят ҳокимларининг Сенатга аъзолиги ҳамда уларнинг маҳаллий кенгаш раиси сифатида ишлашига муносабат билдирди

Адлия вазири Русланбек Давлетов иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг «Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳаси меҳмони бўлиб, вилоят ҳокимлари бир вақтда ҳам сенатор ҳам ўз ҳудудларидаги халқ депутатлари вилоят кенгашининг раиси лавозимида иш юритиши қанчалик тўғрилиги ҳақидаги савол юзасидан ўз фикрларини билдирди. 

Вазир ҳокимлар Сенатга маҳаллий депутатлар орасидан сайланишини эслата туриб, Сенат ҳудудий вакиллик органи эканлигини, у ерда партиявий ёндашув ва қандайдир сиёсий қарашлар йўқлигини маълум қилди.

«Сенаторлар ҳар бир ҳудуднинг ўз манфаатларини Сенатга келиб ифода этиш учун ишлайди. Ҳар битта ҳудуддан 6 нафар сенатор бўлса, вилоят ҳокими шулардан бири сифатида бу ерга сайланиб келяпти. Вилоят ҳокими ўз ҳудудидаги энг катта давлат хизматчиси бўлганидан кейин у ҳам Сенатга сайланяпти.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципига институционал давлат органларининг ўзаро муносабати нуқтайи назаридан қараш керак.

Қонунчилик палатасида бунга (вилоят ҳокимининг сайланишига) умуман йўл қўйилмайди. Сенат эса ҳудудий вакиллик органи бўлгани учун, у ерда сиёсий партиялар ва фракциялар бўлмагани учун бу ерда ҳудудий иштирокка йўл қўйилган», – деди Русланбек Давлетов.

Шунингдек, адлия вазири Сенат қонун чиқарувчи ҳокимият органига тегишли бўлса-да, қонунчилик ташаббусига эга эмаслиги, яъни сенатор бирор қонунни ишлаб чиқиш керак, деб ташаббус кўрсата олмаслиги, қонуннинг матни устида ҳам ишламаслиги ва Сенатнинг вазифаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунни ё маъқуллаш ё қуйи палатага қайтариб юбориш ҳисобланишини таъкидлади. Вазирга кўра, шу нуқтайи назардан ҳам бу ерда Сенат ҳудудий вакиллик органи сифатида қонунчилик жараёни билан аралашиб кетмаган ва шу туфайли ҳам Сенатда ижро ҳокимияти вакили сифатида вилоят ҳокимининг фаолият юритиши ҳокимиятлар бўлиниши принципига зид эмас.

Бундан ташқари, Русланбек Давлетов маҳаллий кенгашга ҳокимларнинг раислик қилиши масаласига тўхталар экан, бу бўйича Адлия вазирлиги томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда ҳокимларнинг кенгаш раиси бўлолмаслигини белгиловчи қоида назарда тутилганини, айни вақтда лойиҳа кўриб чиқилаётганини, унинг ўзи ҳам ҳоким бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси бўлмаслиги тарафдори эканини маълум қилди.

Мавзуга оид