12:35 / 23.04.2021
6770

2020 йилда жиноятларни қасддан яширган 22 нафар масъул ходимлар жиноий жавобгарликка тортилган - Бош прокурор

Жиноят ҳақидаги аризаларни қабул қилиш тизими устидан назорат кучайтирилиши натижасида 2437та ҳисобдан яширилган жиноятлар аниқланган. Шунингдек, жиноятларни қасддан яширган 22 нафар масъул ходимлар жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Сенат ялпи мажлисидаги ҳисоботида маълум қилди.

«Ўтган йилдан барча жиноятларни 2 тоифага, яъни олдини олиш мумкин бўлган ва аниқланадиган жиноятларга ажратиб, жиноятларнинг олди олиниши, аниқланадиган жиноятларнинг эса, муқаррар фош этилиши устидан назоратни кучайтирдик. Натижада, ўтган йили жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи олдинги йилларга нисбатан кескин ортиб, қарийб 20 мингтани ташкил қилди.

Мисол учун, Чилонзор туманида ички ишлар ходимлари 4 нафар, Шайхонтоҳур туманида эса 18 нафар фуқароларнинг босқинчилик, безорилик ва ўғирлик ҳақидаги мурожаатлари бўйича ҳужжатларни сохталаштириб, жиноятларни қасддан яширган. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида терговга қадар текширув устидан электрон назорат қилиш имконини берувчи e-material электрон тизими яратилди.

Ушбу тизимга терговга қадар текширувни амалга оширувчи 12 та идораларнинг интеграция қилиниши ва тўлиқ ишга туширилиши таъминланди. Эндиликда масъул идора раҳбарлари ва прокурорлар текшириш жараёнларининг боришини онлайн кузатиш ва назорат қилиш имкониятига эга бўлди», – дейди бош прокурор.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Термиз шаҳрида 16 ёшли қизнинг номусига тегилган, аммо орадан 14 ой ўтган бўлса-да, шаҳар ИИБ ҳолат юзасидан жиноят иши очгани йўқлиги хабар қилинганди.

Шунингдек, хонанда Жасур Умировнинг бир гуруҳ шахслар билан вояга етмаган қизни зўрлаб, номусига теккани ҳолати экспертиза хулосалари тасдиқлаб турган бўлишига қарамай, Каттақўрғон туман ИИБ ходимлари томонидан яшириб келинганди.

Ҳодиса ОАВ ва жамоатчилик эътиборига тушгандан сўнг хонанда ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан уларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Каттақўрғондаги жиноят билан деярли бир вақтда Тошкент вилоятида содир этилган 14 ёшли қизнинг номусига тегиш жинояти ҳамон очилмай қолмоқда. Қизнинг ота-онаси 2020 йил сентябр ойида Ўрта Чирчиқ туман ИИБга мурожаат қилганига қарамай, орадан ярим йил ўтганига қарамай жиноятчиларга нисбатан ҳалигача ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қува туманида коллежнинг учинчи курсида ўқиётган 19 ёшли қиз ўғирлаб кетилгани ва бир ой давомида уч киши томонидан мунтазам зўрлаб келингани айтилмоқда. ИИБ бу мурожаатни ўрганиб чиқиб, бунда жиноят аломати йўқ дея жиноят иши қўзғатишни рад этган.

Top