Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америкалик сиёсатшунос Қирғизистонда гиёҳванд моддалар айланмасига алоқадорликда гумон қилинмоқда
Марказий Осиёдаги Америка университети президенти Эндрю Качинс Қирғизистонда гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига алоқадорликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Сиёсатшунос тегишли идораларнинг биринчи талабига кўра ҳозир бўлиш тилхати остида қўйиб юборилган.
Қирғизистон Давлат божхона хизмати маълумотларига кўра, Качинс номига университет манзилига Дубайдан жўнатма келган. Жўнатмага илова қилинган ҳужжатларда унинг ичида босма маҳсулотлар борлиги кўрсатилган. Бироқ аслида жўнатма ичида олувчининг телефон рақами кўрсатилган кичик полиэтилен пакетларга қадоқланган таблетка ва капсулалар бўлган. Экспертиза улар орасида психотроп моддалар борлигини кўрсатган.
Шундан кейин Качинс сўроқ қилиниб, уйида тинтув ўтказилган.
Ўз навбатида, Марказий Осиёдаги Америка университети Качинсга жўнатилган воситалар уни даволовчи шифокор томонидан ёзиб берилганини маълум қилган.
«Биз матбуотда бу масала атрофида берилган хабарлар келтириб чиқарган чигалликдан афсусдамиз. Тегишли идоралар томонидан ҳаммаси суриштирилгандан кейин бу масала тез ва тегишли тарзда ҳал қилинишига умид қиламиз», дейилган университет баёнотида.
АҚШ фуқароси бўлган Эндрю Качинс таниқли сиёсатшунос, собиқ иттифоқ давлатлари бўйича эксперт ҳисобланади. У 2003–2006 йиллар давомида Москвадаги Карнеги маркази директори сифатида фаолият юритган.