18:25 / 27.04.2021
8338

Биринчи чоракда 23 фоиз кўп солиқ йиғилди – ДСҚ

Жорий йилнинг I чорагида давлат бюджетига 29,3 трлн. сўм солиқ тушумлари таъминланди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга ўсди.

Давлат солиқ қўмитаси 2021 йил биринчи чорагидаги солиқлар бўйича маълумот берди. I чоракда давлат бюджетига 29,3 трлн. сўм солиқ тушумлари йиғилган бўлиб бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга кўпроқдир.

Шунингдек, қўшимча даромадлар суммаси 1,7 трлн. сўмга ёки ўтган йилнинг мос даврига (599 млрд. сўм) нисбатан 2,8 бараварга ўсган. 

«Солиқчи –кўмакчи» тамойили орқали тадбиркорлик субъектларига мажбуриятларини бажариш учун яратилган қулайликлар ва кўрсатилган амалий ёрдам натижасида ҳисобланган солиқларнинг 95 фоизи ихтиёрий равишда тўланди. Тушумларнинг 90 фоизи ҳар ойнинг 2 -санасигача ва қолган 10 фоизи охирги 5 кунда таъминланди. Таққослаш учун 2020 йилда тушумларнинг 73 фоизи ҳисобот ойининг 25-санасигача ва қолган 27 фоизи охирги 5 кунликда тушган», - дейилади расмий хабарда. 

Aввалроқ, Республикада март ойидаги солиқ тушумлари февралга нисбатан 6 фоизга, божхона тушумлари эса 7,6 фоиз ортгани маълум қилинган эди.

Маълумот учун, Давлат солиқ қўмитаси маъмурлаштирадиган солиқлар бўйича тушумлар 2020 йилда 103,6 триллион сўмни ташкил этган.

Давлат божхона қўмитаси маъмурлаштирадиган солиқлар бўйича тушумлар ҳажми эса ўтган йили 24,7 триллион сўм бўлган.

Шунингдек, 2020 йилда энг кўп солиқ тўловчи корхоналар ўнлиги маълум қилинганди. 2020 йилдаги жами солиқ тушумлари – 103,6 триллион сўмдан 67,7 триллион сўми йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келган. Йирик солиқ тўловчилар сони 2020 йилда 836та бўлган бўлса, 2021 йилда 1120тага етган.

Top