Ўзбекистон | 15:51 / 27.04.2021
10135
4 дақиқада ўқилади

«Халқимизнинг сиёсий дунёқарашини мустаҳкамлашимиз керак» — Хайрулла Бозоров ҳокимлар сайлови, Наманган ва Фарғонада ишлашнинг фарқи ҳамда масъулияти оғир лавозим ҳақида

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Kun.uz билан суҳбатда ҳокимлар сайлови, Наманган ва Фарғонада ишлашнинг фарқи ҳамда масъулияти оғир бўлган ҳокимлик лавозими ҳақида гапирди.

Ҳокимлар сайлови

Президентимиз айтяптилар: қачондир сайловга ўтамиз. Ҳокимлар сайловига барибир ўтамиз. Лекин унгача тайёргарлик қилиш керак. Президент энг катта масала кадрлар, деб кўп гапиради. Раҳбарларни ҳам ўргатишимиз керак, янги номзодларни... Бугун мана шу юртга садоқатли, ақлли, билимли, тажрибали кадрларни кўпайтиришимиз, уларнинг базасини яратишимиз керак. Бундан ташқари, халқимиз ҳам шунга тайёр бўлиши лозим. Халқимиз тайёр эмас дейилгани нотўғри, аммо халқимизнинг сиёсий дунёқарашини мустаҳкамлашимиз керак.

Ҳокимлик масаласида ҳам халқ вакиллари билан суҳбатлашиб, халқ сайлаган депутатлар, партия фракциялари розилигини олиб кейин қарор қабул қилинади. Депутатлар ҳам халқ вакиллари, ҳеч қачон ҳокимлар депутатлар маслаҳатлашувисиз, партия фракциялари келишувисиз тайинланмайди, ҳаммаси билан келишиб, уларнинг фикрини олиб, сўнг тайинланади. Шунинг учун ҳам кўп ҳокимлар тайинланаётганида “вазифасини вақтинча бажарувчи” деб вазифасини бажариши ҳам бежиз эмас, чунки у ўша ҳудудга бориб, у ерда 3-4 ой ишлаб, халқ ишончини қозониши лозим, бу ўзига хос синов муддати. Менга сайловчи учун курашиш, деган гап ёқмайди. Менга бир нарса ёқади: фақат меҳнат қилиш. Меҳнат инсонни улуғлайди.

Наманган ва Фарғонада ишлашнинг фарқи

Ҳамма жойда ўзига яраша тош-тарозиси бор. Наманганда ўзига яраша ҳам оғир, ҳам яхши томонлари бор эди. Бу ерда ҳам ўзига яраша жиҳатлар бор. Лекин бир нарса борки, қаерда бўлса ҳам фақат меҳнат қилиш керак. Бирор ерни осон, енгил ёки оғир деб бўлмайди, ҳамма нарсанинг ўзига яраша томонлари бор.

Бошқа фарқи - бу ерда ҳудуд каттароқ. Масалан, Наманганда 12та ҳудуд, битта шаҳар ва 11та туман бўлган бўлса, бу ерда эса 15та туман ва 4та шаҳар бор, аҳоли ҳам Наманганга нисбатан қарийб 1 млн кишига кўпроқ. Албатта, ҳудуд катта бўлгани учун иш ҳажми ҳам кўпаяди. Аҳоли сони кўп бўлгани туфайли аҳоли билан ишлаш бўйича иш ҳажми ҳам ортади.

Ҳокимликнинг масъулияти оғир

Авваламбор, насиба экан, бир неча йилдан бери раҳбарлик лавозимларида ишлаб келяпмиз. Агар ҳокимлик нуқтайи назаридан оладиган бўлсак, аслини олганда раҳбарликнинг юки, масъулияти оғир. Нега масъулияти оғир? Биринчидан, у президентнинг бу ердаги конституцион вакили. Буни ҳеч қачон эсдан чиқармаслик керак. Президентнинг бутун сиёсати, қабул қилаётган қарор, фармон, қонунларнинг жойида ижросини таъминлаб берадиган ва шунга эртага натижа қилиб, жавоб берадиган энг биринчи шахс ҳам ҳокимдир. Мана шуни биринчи англаш керак-да, юракдан англаш керак. Юракдан англаб, бизга қўйилган мана шу вазифани сидқидилдан, юракдан чиқариб, энг аввало давлат билан халқ манфаатини устун қўйиб ишласа у ҳеч қачон қоқилмайди, ҳеч қачон унга нисбатан эътироз бўлмайди.

Иккинчидан, айтилган топшириқларни бажариш. Жуда кўп вазифалар, топшириқлар бор. Буларни бажариш, ижро қилиш учун яхши жамоа ва тизим бўлиши керак. Президентимиз ҳар бир чиқаётган қарорнинг тагида молиявий манбасини ҳам қилиб беряптилар, шуни ишга солишнинг механизмини ҳам белгилаб беряптилар. Ҳамма соҳадаги лойиҳалар бўйича аниқ механизмлар мавжуд. Ижро бўйича эса пастда яхши жамоа бўлиши лозим, мана шу тизим, механизмни ишлата олиш керак.

Бундан олдин, Хайрулла Бозоров сув масаласи, 70 фоиз муаммоси ҳал бўлаётган тадбиркорлар ва 30 млн долларлик лойиҳа ҳақида гапирганди.

Шунингдек, у Фарғонани кутаётган ўзгаришлар ва аҳоли муаммолари ҳақида айтиб ўтганди.

Тўлиқ видео:

Мавзуга оид