10:58 / 29.04.2021
2717

«Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари»ни билмагани учун вазифасидан озод қилинган шахс «пора» билан қўлга тушган

Kun.uz сайтида 28 апрел куни «Қашқадарёда ер билан боғлиқ фирибгарликни олди олинди» сарлавҳали хабар эълон қилинганди. Хабарнинг иккинчи қисми – пора билан қўлга тушган ходим бўйича Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати қўшимча маълумот берди.

Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога балиқчилик хўжалиги ташкил қилиш учун 8 гектар ер ажратилишида ёрдам беришини айтиб, хизмати эвазига ундан 1000 AҚШ доллари талаб қилгани айтилган Нишон тумани «Ер ресурслари ва давлат кадастри» мутахассиси деб ёзилган шахс мазкур жиноятни содир этишидан 17 кун аввал вазифасидан озод этилган. 

«25-31 март кунлари Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармасида кадастр тизимида ишловчи ходимларнинг амалий ва назарий билимларини аниқлаш мақсадида аттестация ўтказилган. Унда комиссия аъзолари ушбу мутахассисдан «Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари»ни сўраган. Бироқ шу ва яна учта саволга ходим мутлақо жавоб бера олмаган.

Натижада, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси шу куннинг ўзида бекор қилинган», – дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Номоз Чориев.

Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати айрим ҳолларда ишдан бўшатилган ходимлар томонидан фирибгарлик ҳолати кузатилаётганлиги, ўзини кадастр соҳасида ишлаётган ходим қилиб кўрсатиб, ер ажратиш ва кадастр ҳужжатларини тайёрлашда коррупцион ҳолатлар учраб турганидан огоҳлантириб, вилоятимиз аҳолисига мурожаат билан чиққан эди.

Номоз Чориев Kun.uz мухбири билан суҳбатида, фуқаролар кадастр соҳасига оид муаммолар, мурожаатлар бўлса, бошқарманинг  75-227-81-95 ва 75-227-50-25 «Ишонч телефон» рақамларига мурожаат этишини сўрайди.

Унутмайлик, коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир.

Top