Ўзбекистон | 22:01 / 01.05.2021
16464
3 дақиқада ўқилади

1 майдан Ўзбекистонда 15 йил доимий яшаб келган шахсларга фуқаролик берилиши айтилганди. Бу тартиб кучга кирдими?

Давлат дастуридаги топшириқ ижроси кечикмоқда. Айни пайтда қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриляпти.

Ўзбекистонда камида 15 йил давомида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган (чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган) шахслар хоҳиш билдирган тақдирда Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкин.

2021 йилги давлат дастурига оид президент фармонида мазкур янги тартиб жорий йил 1 майдан бошлаб амал қилиши белгиланган эди. Шунга асосан, ижтимоий тармоқларда ҳам бу ҳақда хабарлар тарқалди. 1 май ҳам келди. Хўш, ушбу тартиб жорий қилиндими?

Давлат дастурида ИИВ ва ДХХга бу борада тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилганди. Номаълум сабабларга кўра, қонунни қабул қилиш кечикмоқда.

Айни дамда қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, концептуал жиҳатдан қабул қилинган.

Kun.uz ушбу қонун қабул қилинмай туриб ҳам 2021 йил 1 майдан юқоридаги тартибда фуқаролик бериш мумкинми, деган савол билан ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Руслан Каримовга юзланди.

Руслан Каримовнинг маълум қилишича, давлат дастуридаги мазкур банд ижроси доирасида Ички ишлар вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, белгиланган муддатда киритган. Бунгача лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун ҳам эълон қилинган.

ИИВ расмийсининг билдиришича, фуқаролик беришнинг янги тартиби жорий этилиши учун дастлаб унинг ҳуқуқий асоси яратилиши лозим, яъни юқоридаги қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатда маъқулланиб, президент томонидан имзоланиб, эълон қилиниши керак.

Ҳозирги вақтда қонун ҳали қабул қилинмагани туфайли янгича тартибда фуқаролик беришни давлат дастурида айтилган вақт – 1 майдан амалга оширишнинг имкони йўқ.

«Лекин буни қонун қабул қилинмай қолиб кетар экан, деб тушунмаслик лозим. Чунки бу борада шахсан президентимиз қатъий позицияда туриб, фуқаролик олишни енгиллаштиришни талаб этмоқда ва шу туфайли қонун яқин орада қабул қилинишига умид қилса бўлади», – дейди Руслан Каримов.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, қонун ҳали қабул қилинмагани туфайли мазкур тартибнинг жорий этилиши ҳам маълум муддатга кечикади. Янги тартибда фуқаролик олмоқчи бўлганлар эса қонуннинг қабул қилинишини бироз кутишларига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун билан, 1995 йилга қадар Ўзбекистонга келган ва шундан буён мамлакатда муқим яшаётган шахсларга автоматик тарзда фуқаролик берилиши белгиланиб, бу янгилик ортидан 2020 йилда 8310 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганди.

Мавзуга оид