Бир суткада қарийб 402 минг ҳолат
30 апрел куни Ҳиндистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари бўйича жаҳон рекорди янгиланди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, ўтган суткада 401 993 кишида касаллик аниқланган. Бир сутка давомида 3523 нафар бемор вафот этган.
Мамлакат 22 апрел куни суткалик касалланиш ҳолатлари бўйича жаҳон рекордини ўрнатганди – 314,8 минг ҳолат. Сўнгра бу рақам бир неча марта янгиланди: 23 апрелда 332,7 минг, 24 апрелда 346,7 минг, 25 апрелда 349,6 минг, 26 апрелда 352,9 минг, 29 апрелда 379,2 минг ва 30 апрелда 386,4 минг.
Ҳиндистон коронавирус юқтириш ҳолатлари сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди. Мамлакатда 19,1 миллион ҳолат қайд этилган, 15,6 миллиондан ортиқ киши соғайган, 211 минг бемор вафот этган.
«Сизлар билан коронавирус сабримизни ва оғриққа чидашимизни синаб турган вақтда гаплашмоқдаман. Биз инфекциянинг биринчи тўлқинига қарши муваффақиятли курашдан руҳлангандик, аммо бу бўрон миллатимизни ларзага солди», – деди бош вазир Нарендра Моди.
Инқирозга сабаб ҳукуматнинг лоқайдлиги(ми?)
Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб ёзишича, Ҳиндистон ҳукумати мамлакатда аниқланган коронавируснинг янги штамми ўта юқумли экани тўғрисида аввалдан огоҳлантирилган, аммо эпидемияни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.
Огоҳлантиришга қарамасдан, миллионлаб одамлар диний байрамлар ва бош вазир Нарендра Моди ҳамда сиёсий партиялар етакчилари ўтказган митингларда ниқоб тақмасдан қатнашган.
Қайд этилишича, икки ой аввал Ҳиндистон генетика консорциуми (INSACOG) коронавируснинг янги тури тўғрисидаги огоҳлантиришномани бевосита бош вазирга бўйсунадиган мансабдорга тақдим этган.

Ҳаёт тўғрисидаги фанлар институти директори ва INSACOG аъзоси Ажай Париданинг сўзларига кўра, тадқиқотчилар коронавируснинг ҳиндча штамм деб номланаётган B. 1.617 вариантини февралда аниқлаган.














