Ўзбекистон | 16:03 / 03.05.2021
4942
3 дақиқада ўқилади

655 млн сўмлик давлат хариди можароси. Юнусобод боғчаларига «канцтовар» олиш бўйича танлов қайта ўтказилади

Мактабгача таълим вазирлигидан маълум қилинишича, Юнусобод туманидаги давлат боғчаларига канцелярия товарлари харид қилиш бўйича ўтказилган танлов натижалари бекор қилинган. У қайтадан ўтказилади. “Ғолиб”ни баённомага ёлғон маълумотлар киритиш йўли билан аниқлаган мансабдорлар эса “интизомий чора қўллашга эҳтиёж йўқ”лиги важидан жазодан қутулиб қолишди.

Юнусобод туманидаги давлат боғчаларига канцелярия товарлари олишда 432 млн сўмлик таклиф турганда 655 млн сўмлик давлат хариди амалга оширилгани, танловда энг арзон таклифни берган фирма тушунарсиз сабабларга кўра “ўйин”дан чиқариб юборилгани ҳақида Kun.uz суриштируви эълон қилинган эди.

Мактабгача таълим вазирлиги ушбу ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилганини маълум қилди. Вазирлик берган маълумотга кўра, мазкур танлов натижалари бекор қилиниши ва қайта танлов ўтказиш бўйича кўрсатма берилган.

Шунга асосан танлов комиссияси “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ билан тузилган шартномани бекор қилиб, танловни қайта ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган.

Kun.uz мақолада келтирилган ҳолат бўйича Бош прокуратура билан боғланди. Бош прокуратура расмийсининг маълум қилишича, ушбу ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилганида “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ билан тузилган шартнома бўйича ҳали Юнусобод МТБ томонидан пул ўтказиб берилмагани аниқланган, шу туфайли давлатга зарар етказилмаган, деб ҳисобланган.

Ёпиқ қозон ёпиқлигича қоладиган бўлди

Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг фикрича, шартнома бекор қилингани сабабли зарарли оқибат юзага келмаган ва шу сабабли танлов ташкилотчиларига нисбатан қандайдир интизомий чора қўллашга эҳтиёж йўқ. Мавлуда Асқархўжаеванинг қўшимча қилишича, танлов ташкилотчилари билан тушунтириш ўтказилган ва улар огоҳлантирилган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: танлов натижалари бекор қилингани ёки давлатга зарар етмагани билан, ушбу ҳолатда қасддан кўзбўямачиликка йўл қўйган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо берилиши керак эмасми? Полиграфияга ихтисослашган корхонани “канцелярия товарлари ишлаб чиқаради”, дея сохта маълумотлар тайёрланганини энди яшириб бўлмай қолди-ку?!

Ҳолат жамоатчиликка ошкор бўлмаганида, табиийки, танлов натижалари бекор қилинмаган ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зиён етган бўларди ахир.

Давлат қарамоғидаги сон-саноқсиз муассасаларнинг доимий назоратдан панада ўтиб кетадиган миллиардлаб суммадаги харидларида йўл қўйилган қонунбузилишларнинг ҳеч бўлмаса жамоатчиликка ошкор бўлганлари коррупция аломатлари мавжудлиги нуқтайи назаридан ўрганиб кўрилмас экан, бу каби “билса ҳазил, билмаса чин” қабилида иш тутишларнинг поёни кўринмайди.

Айниқса, Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 2021 йил 1-чорагининг ўзида 41,2 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланган ва бу ўтган йилга нисбатан 7,6 мартага ошган бир ҳолатда Вазирлик томонидан юқоридаги кўзбўямачилик ҳолатига бундай “юмшоқ” муносабатда бўлинаётганини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди.

Ҳали бу аниқланган қонунбузилишлар. Аниқланмаганлари қанча экан? 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид