Ўзбекистон | 16:56 / 03.05.2021
6327
3 дақиқада ўқилади

Ички туризмни рағбатлантириш учун 3 йўналишда субсидиялар миқдори тасдиқланди

Uzbekistan Airways'га ички авиақатновлар чипта нархларининг 25 фоизи миқдорида субсидия берилади. Туроператор ва турагентлар томонидан маҳаллий сайёҳлар учун ташкил этилган турларга самолёт ва поезд чипталари нархининг 15 фоизи миқдорида субсидиялар ажратилади.

Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантиришга қаратилган субсидиялар миқдори белгиланди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, авиа ва темир йўл йўналишларига, жамоавий чипта нархлари ва меҳмонхона хизматлари нархларига субсидиялар ажратилади:

Ўзбекистондаги ички авиақатновлар чипта нархларининг 25 фоизи миқдорида субсидия берилади. Туроператор ва турагентлар томонидан маҳаллий сайёҳлар учун ташкил этилган турларга авиа ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи миқдорида субсидиялар ажратилади.

Махсус комиссия томонидан субсидияланадиган 10та авиақатнов йўналиши чипта нархларининг энг юқори суммалари тасдиқланди. Мисол учун, «Самарқанд – Наманган» авиақатновидаги чипта нархи 666 782 сўмни ташкил этган бўлса, авиаташувчига бериладиган субсидия ҳисобига ушбу чипта нархининг энг юқори суммаси 500 086 сўмни ташкил этди. Чипта туроператор орқали харид қилинганда эса, унинг нархи 425 073 сўмни ташкил қилади.

Туроператорлар ва турагентлар томонидан тур доирасида харид қилинган «Aндижон – Хива – Aндижон», «Термиз – Қарши – Хива» ва «Термиз – Қарши – Самарқанд» йўналишлари субсидияланадиган йўналишларга киритилди.

Махсус комиссия қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги қарорида назарда тутилган жамоавий чипталарни сотиб олиш гуруҳидагилар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлганда 10 фоизли, 25 ва ундан ортиқ кишилик гуруҳ учун эса 15 фоизли чегирмалар ҳам сақланиб қолинди.

Қарор билан республика бўйлаб жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари нархларининг субсидияланадиган энг юқори (чекланган) даражаси (суммаси) 250 минг сўм этиб тасдиқланди.

Бунда туроператор ва турагент томонидан республика бўйлаб ташкил этилган тур давомида меҳмонхона хизматининг 10 фоиз миқдоридаги субсидияланадиган энг юқори суммаси 25 минг сўмдан ошмаслиги белгиланди.

Маълум қилинишича, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш тўғрисидаги президент фармони Фарғона водийси аҳолисининг Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятларига, ушбу ҳудудлар аҳолисини эса Фарғона водийсига саёҳат қилиши учун янги имконият тақдим этди.

Юқоридаги субсидиялар бўйича тўловлар 2021 йил 1 мартдан бошлаб ташкил этилган саёҳатлар учун қоплаб берилади.

Вазирлик хабарига кўра, жорий йил феврал ойида йўлга қўйилган «Урганч – Фарғона – Урганч» авиайўналишининг биринчи ойида самолётларнинг бандлиги 43,7 фоизни ташкил этган бўлса, туроператор ва турагентларга яратилган қўшимча имконият натижасида самолётлар бандлиги март ойида 87,9 фоизга, яъни икки баробарга ошган.

Аввалроқ, жаҳон иқтисодиётида туризмнинг улуши икки бараварга камайгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид