Жаҳон | 21:40 / 06.05.2021
10664
10 дақиқада ўқилади

Саккиз йиллик муз эримоқда: Туркия ва Миср қандай масалаларни муҳокама қилади?

Туркия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Седат Ўнал бошчилигидаги делегация Миср пойтахти Қоҳирага икки кунлик музокаралар учун йўл олди. 2013 йилдан бери давом этиб келаётган зиддиятларни тўхтатиш учун ташланган бу илк қадам Шарқий Ўрта Ер денгизида энергетика ҳамкорлигининг янги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.

Анқара 2013 йилда давлат тўнтариши билан ҳокимиятга келган Абдулфаттоҳ ас-Сисий маъмуриятини қаттиқ танқид қилиб келади. Икки давлат минтақавий кескинлик ва инқирозларда тез-тез тўқнаш келади.

2013 йилдан бери дарз кетган муносабатларни тўғридан тўғри музокаралар йўли билан қайта бошлаш ҳам ўзаро алоқалар, ҳам Шарқий Ўрта Ер денгизи воқеалари нуқтайи назаридан муҳимдир.

Делегация кимлардан иборат?

8 йилдан кейин Туркия ва Миср ўртасидаги биринчи тўғридан тўғри алоқада вакиллик даражаси ташқи ишлар вазири ёрдамчилари нисбатида бўлади. Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари Седат Ўнал Туркия делегациясига раҳбарлик қилади. Мезбон томон – Миср делегациясига эса унинг маслакдоши Ҳамди Санад Лоза бошчилик қилади.

Ҳар икки томондан берилган баёнотларда делегациялар таркибининг неча кишидан иборатлиги ва улар кимлардан иборат экани ҳақида маълумот берилмади.

Музокаралар кун тартибида қандай масалалар бор?

«Музокаралар давомида мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни икки томонлама ва минтақавий шароитларда нормаллаштириш йўлида қадам ташлаш масаласи муҳокама қилинади», дейилади Анқара баёнотида.

Миср Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида ҳам айни шу масала тилга олинган.

Энг муҳим масалалардан бири денгиз юрисдикцияси тўғрисидаги битимдир.

«Шарқий Ўрта Ер денгизида энг узун қирғоқларга эга бўлган икки давлат сифатида Миср билан денгиз юрисдикцияси масаласида музокара олиб борамиз ва биз ўзаро келишувни имзолашимиз мумкин», дейди ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли 3 май куни берган баёнотида.

Туркия Ливия билан, Миср эса Греция ва Кипр билан денгиз юрисдикцияси тўғрисидаги битимга эга. Бироқ Туркия белгилаган майдонларга Греция, Греция белгилаган майдонларга эса Туркия эътироз билдириб келади.

2020 йил август ойида Греция ва Миср томонидан имзоланган шартномада Мисрнинг баъзи минтақаларда Туркиянинг тезисларига нисбатан ҳассослик кўрсатиши ўзаро яқинлашиш учун дастлабки яшил чироқларни ёқди.

Туркия томонидан денгиз юрисдикцияси билан боғлиқ тезисларда Мисрга катта майдон берилгани ҳам икки мамлакат ўртасида музокараларни бошлашда самарали бўлди.

Туркиянинг 2019 йил ноябрь ойида Ливия билан имзоланган денгиз юрисдикцияси тўғрисидаги битими ва Туркиянинг БМТга тақдим этган континентал нуқтаси Мисрга Кипр билан тузилган шартномадан 11 500 квадрат км кўпроқ денгиз майдонини беради. Миср шу боис Греция ва Кипр билан имзолаган шартномалардан чиқиб, денгиз юрисдикцияси тўғрисида Туркия билан шартнома имзолаши мумкин.

Миср бу йўналишда ҳали қадам қўйганича йўқ. Сисийнинг маъмурияти Кипр Республикаси ва Греция билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Бироқ Миср Шарқий Ўрта Ер денгизидаги бой углеводород конларидан қазиб олинган табиий газни Европа бозорига сотиш учун Туркия билан муносабатларини нормаллаштириши жуда муҳим. Чунки ушбу табиий бойликларни Туркияга ёки Туркия орқали Европа бозорига сотиш анча тежамли ва амалий жиҳатдан қулайдир.

«Муаммоларнинг мураккаблигини ҳисобга олсак, Туркия билан муносабатларни нормаллаштириш узун ва машаққатли йўлдир. Музокараларда катта эҳтимол билан Шарқий Ўрта Ер денгизини йирик энергия марказига айлантириш режасининг бир қисмига айланиши учун Туркиянинг нима қилиши кераклиги ҳақида гап боради», дейди Миср расмийларидан бири ҳукуматга яқин газеталарга берган интервьюсида.

2020 йилнинг сентябрь ойида Қоҳирада бўлиб ўтган Шарқий Ўрта Ер денгизи табиий газ форумида «табиий газ экспортини ривожлантиришни истаган» олти мамлакат – Исроил, Миср, Греция, Кипр, Италия ва Иордания иштирок этганди.

Форумдан ташқари, Кипр ва Грециянинг Миср ва Исроил билан алоҳида энергия шартномалари мавжуд. Туркия эса Шарқий Ўрта Ер денгизида ўзини четлаштирадиган ҳар қандай келишув амалга оширилмаслигини таъкидлаб келмоқда.

Ливия масаласи

Кун тартибидаги масалалар денгиз юрисдикциялари билангина чегараланмайди.

Миср расмийларига кўра, икки давлат Ливиядаги воқеаларни ҳам муҳокама қилади. Қоҳира турк қўшинларининг ушбу мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши масаласини кўтариши мумкин.

Анқара эса бундан бир неча кун олдин Ливияга қилган ташрифи чоғида бундай қадам ташланмаслигининг хабарини бериб қўйди.

«Мамлакатдаги ноқонуний ёлланма аскарлар билан ҳарбий ҳамкорлик шартномаси доирасида хизмат қилаётган турк аскарларини тенглаштирмаслик керак», деди 3 май куни Триполига борган Мавлуд Човушўғли.

«Биз декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга қадар Ливияда тинчликни сақлашга интиламиз», деди ташрифда ҳамроҳлик қилган миллий мудофаа вазири Ҳулуси Оқар. У мазкур гапи билан чекиниш бўлмаслигини таъкидлади.

Қайд этиш жоиз, БМТ раҳбарлигида 2020 йил октябрда имзоланган сулҳ битимининг моддалари қаторида чет эллик жангчиларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши ҳақидаги гап ҳам бор эди. Ливияда турк аскарларидан ташқари, қарши томонни қўллаб-қувватлайдиган, Миср томонидан юборилган Судан, Чад жангчилари ҳам бор. Мамлакатда ташкил этилган ўтиш даври ҳукумати 2021 йил декабрдаги сайловларга қадар фаолият олиб боради.

«Мусулмон биродарлар»

Кун тартибидаги яна бир масала – Туркиядаги «Мусулмон биродарлар» ташкилотининг аъзолари масаласидир. Туркия расмийларининг айтишича, Мисрнинг бу борадаги талаблари анча юмшаган. Дастлаб уларни экстрадиция қилишни талаб қилган Қоҳира эндиликда «жиноятчиликка алоқаси бўлмаган «Мусулмон биродарлар» аъзоларининг Сисийга қарши фаолиятига йўл қўйилмаслиги»ни истамоқда.

Туркия бу борада ҳам қадам ташлади ва апрель ойида «Мусулмон биродарлар»га алоқадор телеканаллардан «диссидентлик кўрсатувлари дозаси камайтирилиши»ни талаб қилди.

Шу сабабли El Sharq телеканалининг етакчи номларидан бири мисрлик журналист Моатаз Матар ўз дастурини эфирдан олиб ташлади.

Ушбу воқеадан сўнг Миср ташқи ишлар вазири Сами Шукру шундай деди:

«Диққатимиздаги нарса «Мусулмон биродарлар» каналларининг ёпилишидир. Шунинг учун биз буни ижобий ҳолат деб баҳолаймиз. Агар ушбу каналларнинг ёпилиши ҳужжатлаштирилса ва бу доимий бўлиб қолса, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишнинг олдини олиш бўйича халқаро ҳуқуқ қоидалари амалда қўлланган бўлади». 

Қоҳирадаги икки кунлик музокараларда бу масала ҳам муҳокама қилинади. Миср делегацияси томонидан «ички ишларга аралашмаслик» масаласига урғу берилиши кутилмоқда. Туркия делегацияси эса мисрлик ҳамкасбларига ноҳақ ҳибсга олинган «Мусулмон биродарлар» аъзоларининг озод қилиниши муносабатларда анча ижобий ўзгаришларга йўл очиб беришини таъкидлаши мумкин.

Агар мавжуд масалалар бўйича келишувга эришилса, вазирлар даражасидаги илк юзма-юз учрашув куни белгиланади.

Яқинлашишга қандай эришилди?

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли 10 апрель куни мисрлик ҳамкасби Шукру билан телефон орқали суҳбатлашди. 15 апрель куни эса май ойи бошида Туркиядан Қоҳирага делегация жўнаб кетишини эълон қилди.

«Биз Туркиянинг сўнгги баёнотлари ва ташлаган қадамларини мамнуният билан қабул қиламиз. Ушбу қадамлар Туркия ҳам сиёсий очиқлик босқичига ўтишга тайёрлигини кўрсатмоқда. Умид қиламанки, бу вазият олдинга силжийди», дейди телефон қўнғироғидан сўнг Шукру ҳам.

Аслида, аввал Човушўғли ва Шукру ўртасида телефон қўнғироқлари ва халқаро учрашувлар доирасида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтганди. Бироқ март ойидаги ўзаро баёнотлардан сўнг тўғридан тўғри алоқа тикланиши жуда муҳим воқеа бўлди.

Март ойи бошида Човушўғли «Миср ва Туркия ўртасида ташқи ишлар вазирликлари ва разведка ходимлари ўртасида дипломатик даражадаги алоқалар бошланди», деган баёнот билан чиқди.

Ташқи ишлар вазиридан кейин президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам баёнот берди:

«Миср билан разведка, дипломатия ва иқтисодий ҳамкорлик жараёнимиз энг юқори даражада эмас, балки бир қадар паст даражада давом этмоқда. Истаймизки, Миср билан ҳамкорликни кучли бир шаклда давом эттирсак. Разведка, дипломатия ва сиёсий музокаралар натижалар бергач, биз алоқаларни юқори даражаларга кўтарамиз».

Мисрда Абдулфаттоҳ ас-Сисий 2013 йил июль ойида давлат тўнтариши билан Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан ағдарганида Мисрга нисбатан энг қаттиқ ва узоқ эътироз билдирган мамлакатлар орасида Туркия ҳам бор эди. Тўнтаришдан кейинги даврда Туркия ва Миср ўзаро дипломатик алоқаларни вақтинча ишончли вакил даражасига туширди ва алоқаларни минималлаштирди.

Туркиянинг тўнтаришга қарши чиқиши ва Сисийни қаттиқ танқид қилиши Миср янги маъмуриятининг энг катта тарафдорлари – Саудия Арабистони ва БААнинг ҳам эътирозларига сабаб бўлди, бу эса ўз навбатида Анқаранинг минтақавий муносабатларига салбий таъсир кўрсатди.

Тўнтаришга қарши бўлган баъзи «Мусулмон биродарлар» аъзоларига бошпана берган Қатар билан ҳам Саудия Арабистони ва БААнинг алоқалари ёмонлашди, 2017 йил июнь ойида эса Қатарга нисбатан эмбарго эълон қилинди.

Яқинда Қатарга қўйилган эмбарголар бекор қилинди. Бунинг ортидан Анқара билан Саудия Арабистони ва БАА ўртасидаги зиддият ҳам пасайиб бораётгани ҳақида хабарлар кела бошлади. Делегациянинг Қоҳирага ташрифидан бир кун олдин Президент Эрдўған Саудия Арабистони қироли Салмон билан ҳам телефонлашди.

Қирол Салмон 2016 йилда ҳам икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш сари қадам қўйган, Туркияда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити олдидан Қоҳирага ташриф буюрган эди. Ушбу ташрифдан сўнг Миср ташқи ишлар вазири Шукру ҳам саммитда қатнашган ва раисликни Мисрдан Туркияга топширганди.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид