Ўзбекистон | 09:42 / 07.05.2021
6765
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қалбаки ПЗР-тест натижаларини сотиш билан шуғулланган гуруҳ фош этилди

Сурхондарё вилояти Денов туманида қалбаки ПЗР-тест натижаларини сотиш билан шуғулланган гуруҳ фош этилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Денов тумани ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари моддий манфаатдорлик эвазига фуқароларга коронавирус инфекцияси натижалари (ПЗР-тест) ҳақида қалбаки маълумотнома тайёрлаб берувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйган.

Қайд этилишича, фуқаро А.С. жорий йил 1 май куни Денов туманидаги тиббиёт муассасаларидан бирида ишловчи таниши П.Д.га учрашиб, коронавирус инфекциясига қарши ўзи ва 7 нафар таниши ПЗР-тест топширмоқчи эканини айтган. П.Д. эса ҳеч қандай анализ олмасдан туриб, ПЗР-тест маълумотномасини тайёрлаб бериш учун уларнинг ҳар биридан 150 минг сўмдан, жами 1 миллион 200 минг сўм беришни талаб қилган. Шундан сўнг А.С. танишининг тамагирлик йўли билан пул талаб қилган бу ҳаракатларига қонуний чора кўришни сўраб, ички ишлар органига мурожаат қилган.

Мазкур аризага асосан олиб борилган тезкор ҳаракатлар чоғида П.Д. тиббиёт муассасасининг маъмурий биноси ичида «мижоз»и А.С.дан талаб қилган 1 миллион 200 минг сўмдан 1 миллионини олиб, унинг 700 минг сўмини ўзи билан бирга ишлайдиган О.Н.га берган вақтда Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Денов тумани бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан ушланган.

Таъкидланишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими ходимлари терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.

Мавзуга оид