09:26 / 05.11.2021
6975

Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда сохта ПЗР-тестларни сотаётган шахслар ушланди

Фото: ИИВ Транспорт ва туризм департаменти

Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида фуқароларга сохта ПЗР-тестлар тайёрлаб бераётган шахслар ушланган. Бу ҳақда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабар бермоқда.

2021 йил 22 октябр куни Фарғона вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига келиб тушган маълумотга асосан, фуқароларга давлат чегарасидан ўтиш учун коронавирус инфекцияси натижалари ҳақида қалбаки маълумотнома тайёрлаб берувчи шахсни фош этиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида, Қува туманида яшовчи 1987 йилда туғилган Х.М. ўзи ишлайдиган “ОМАД ЮРТ ФАРОВОНЛИГИ” номли авиакасса ичида тезкор тадбирга жалб қилинган махсус мижозга экспресс ПЗР-тест таҳлилининг манфий натижаси ҳақида қалбаки маълумотномани тайёрлаб бериш учун 150 минг сўм пул олган вақтида ушланган.

Шунингдек, 2021 йил 29 октябр куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “УЗ МЕД” хусусий клиникаси иш юритувчиси Урганч тумани, Ғойбу қишлоғида яшовчи, 2000 йилда туғилган Ш.Р. тезкор тадбирга жалб қилинган махсус мижозга экспресс ПЗР-тест таҳлилининг манфий натижаси ҳақида маълумотнома тайёрлаб бериш учун 340 минг сўм олган вақтида Хоразм вилояти ИИБ ТХТБ ходимлари томонидан ушланган.

Бундан ташқари, жорий йил 3 ноябр куни Самарқанд вилояти ИИБ ТХТБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида яшовчи 2001 йилда туғилган Ф.М. тадбирга жалб қилинган махсус мижозга  ПЗР-тест таҳлилининг манфий натижаси ҳақида маълумотнома тайёрлаб бериш учун 150 минг сўм пул олаётган вақтида аниқланиб ушланган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top