16:46 / 08.05.2021
7269

Чехия бош вазири ЕИнинг барча мамлакатларини Россия дипломатларини чиқариб юборишга чақирди

Чехия бош вазирининг сўзларига кўра, 7 май куни ЕИ мамлакатлари раҳбарлари Врбетицедаги портлашларни муҳокама қилган. 

Фото: Roman Vondrouš, ČTK

Чехия бош вазири Андрей Бабиш Евроиттифоқ мамлакатлари раҳбарларига Чехия билан бирдамлик рамзи сифатида Россиянинг камида бир нафар дипломатини чиқариб юборишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда České noviny нашри хабар берди.

«Биз бир аъзо давлатга ҳужум ЕИнинг барча аъзоларига ҳужум эканини тушунишимиз лозим. Мен улардан камида бир нафардан дипломатни чиқариб юборишни сўрадим», — деди Бабиш журналистларга.

Чехия бош вазирининг сўзларига кўра, 7 май куни Портуда ЕИ мамлакатлари раҳбарлари Врбетицедаги портлашларни муҳокама қилган. 

Бабиш аввалроқ бу мавзуни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан муҳокама қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 17 апрелда Чехия бош вазири Андрей Бабиш мамлакат махсус хизматларидан Врбетицедаги ҳодисага Россия бош разведка бошқармаси ходимлари алоқадорлиги ҳақида ахборот олганини маълум қилди. Бу айбловлар Чехия ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашишига олиб келди.

Врбетицедаги портлашлар 2014 йил 16 октябрда ва 3 декабрда юз берган. Портлашлар оқибатида 2та омбор йўқ бўлган, 2 киши ҳалок бўлган.

Бир ярим ойдан кейин биринчи омбордан бир километр узоқликда жойлашган бошқа омборда кучли портлаш содир бўлган. Бу ерда 100 тоннага яқин ўқ-дори сақланган.

Top