Жаҳон | 10:52 / 10.05.2021
42829
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Афғонистондаги қўшинларини Марказий Осиёга жойлаштириши мумкин — WSJ 

АҚШ Афғонистондан олиб чиқилаётган қўшин ва ҳарбий техникани Марказий Осиё ва Яқин Шарқда жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Жумладан, америкалик ҳарбийлар Ўзбекистон ва Тожикистонга жойлаштирилиши мумкин. Бу ҳақда америкалик ҳарбий амалдорларга таяниб The Wall Street Journal нашри хабар берди.  

Ҳарбийларнинг фикрича, қўшинлар, учувчисиз парвоз қурилмалари, бомбардимончи ва артиллериянинг ушбу минтақаларга жойлаштирилиши, уларда ҳарбий базалар ташкил этиш АҚШга Афғонистондаги вазиятни хорижий қўшинлар олиб чиқилгандан кейин ҳам назорат қилиш, мамлакат ҳукуматига кўмак кўрсатиш имконини беради. 

Афғонистондан хорижий қўшинлар олиб чиқилгандан кейин у ерда «Ал-Қоида»нинг қайтадан юзага келиши ёки ИШИД каби бошқа гуруҳ пайдо бўлиши, зўравонлик авж олиши мумкинлиги айтилмоқда. 

АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятидаги баъзи ҳарбийлар ва амалдорларнинг фикрича, қўшинларни Афғонистон билан қўшни бўлган Ўзбекистон ва Тожикистонга жойлаштириш маъқулроқ вариант ҳисобланади. Чунки бу америкаликларга зарурат ҳолатида Афғонистондаги вазиятга тезкорлик билан жавоб бериш имконини беради. Шу билан бирга, Россиянинг Марказий Осиёда жиддий ҳарбий кучларга эгалиги ҳамда Хитойнинг ушбу минтақага таъсири тобора ошаётгани Вашингтоннинг минтақада базалар ташкил этиш режаларини қийинлаштириши мумкин. 

Агарда Вашингтон Афғонистон билан чегарадош давлатларда қўшинларини жойлаштиришга келиша олмаса, унда ҳарбийларни Форс кўрфази давлатларига жойлаштириш вариантини кўриб чиқишга тайёр. WSJ’нинг эслатишича, 2001 йилда америкалик ҳарбийлар Ўзбекистон ва Қирғизистондаги базаларга жойлаштирилган, бироқ мос равишда 2005 ва 2014 йилларда уларни тўлиқ тарк этган. 

Нашрнинг америкалик мансабдор шахсларга таяниб таъкидлашича, айни кунда Марказий Осиёда АҚШ ҳарбий базаларини ташкил этиш бўйича ҳеч қандай расмий сўровлар йўлланмаган. Пентагон ҳозирча ушбу имкониятнинг барча ижобий ва салбий жиҳатларини баҳоламоқда. Бу борадаги якуний қарорни қабул қилишда АҚШ давлат департаменти ва Оқ уй ҳам иштирок этмоқда. 

АҚШ «Толибон» ҳаракати билан эришилган келишувга кўра, Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлади. Ушбу жараённи сентябрда якунлаш режалаштирилган. Бироқ баъзи манбаларнинг таъкидлашича, америкалик ҳарбийларнинг Афғонистондан олиб чиқилиши эртароқ якунланиши мумкин.

  • Маълумот учун, мудофаа соҳасидаги асосий ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслиги, Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги кўрсатилган.

Мавзуга оид