Жаҳон | 21:15 / 10.05.2021
6752
2 дақиқада ўқилади

Эрон ва Саудия Арабистони муносабатларни яхшилаш бўйича музокаралар ўтказгани маълум бўлди

2016 йилда дипломатик алоқаларни узган Эрон ва Саудия Арабистони ўзаро кескинликни пасайтириш мақсадида яқинда музокаралар ўтказган. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Саид Ҳатибзода маълум қилди.

«Мулоқотда эътибор икки томонлама ва минтақавий масалаларга қаратилди. Биз ҳар қандай шаклдаги ва даражадаги бундай музокараларни ҳамиша ижобий қаршилаганмиз», деб келтирган Ҳатибзоданинг сўзларини Mehr агентлиги.

«Кескинликни пасайтириш икки томон ва минтақа учун ҳам манфаатлидир», деб қўшимча қилган Эрон вакили ҳамда Теҳрон ва Ар-Риёд муносабатлардаги муҳитни яхшилашига ва кўпроқ даражада ўзаро ҳамфикрликка эришишига умид билдирган.

Шу билан бирга, Ҳатибзода музокаралар натижаларини кутишга чақирган.

Аввалроқ Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Саудия телевидениесига берган интервьюсида Ар-Риёд Эрон билан яхши муносабатлар ўрнатишга умид қилаётганини айтган. Кейинроқ Эрон ташқи ишлар вазирлиги шаҳзоданинг бундай баёнотини қўллаб-қувватлашини билдирган. 

Ар-Риёднинг Теҳрон билан дипломатик алоқаларни узишига Саудия Арабистонида нуфузли шиа хатиби Нимр ан-Нимр қатл этилганидан кейин Теҳрондаги элчихона ёнида юз берган тартибсизликлар олиб келган.

Ўз навбатида, Mehr’нинг эслатиб ўтишича, икки давлат ўртасидаги алоқалар узилишига Саудия Арабистонининг яманлик ҳусийларга қарши кампанияда иштирок этиши ҳам сабаб бўлган.

Мавзуга оид