23:15 / 11.05.2021
17415

Ғазо сектори ва Исроил бир-бирига юзлаб ракеталар билан зарба берди

Фаластин анклави ҳисобланган Ғазо секторидан Исроил томон 24 соат ичида 630та ракета учирилди. Исроилнинг жавоб зарбалари оқибатида камида 28 фаластинлик ҳалок бўлди. 

Фото: Hatem Moussa/AP

Исроил армиясининг хабар беришича, мамлакат томон отилган ракеталардан 200таси «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими билан уриб туширилган, 150таси Ғазо секторининг ўзига тушган.

Маълум қилинишича, ушбу зарбалар оқибатида 2 нафар исроиллик аёл ҳалок бўлган. Шундан кейин Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҲАМАС «қизил чизиқдан ўтгани» ва ҳаракатнинг объектларига зарбалар кучайтирилишини айтган.

Исроил ҳарбийлари фаластинликларнинг ҳужумларига жавобан 11 майга ўтар кечаси Ғазодаги 130та объектни нишонга олган. Жумладан, аҳоли яшайдиган турар жойлар, ҲАМАС батальонлари қўмондони уйи ва ҳарбий разведкаси бош қароргоҳи, ўқ-дори ишлаб чиқариладиган жойлари, ҳарбий мажмуалари ҳамда жангарилар қўллаган иккита туннел зарбага учраган.

Исроил зарбалари оқибатида Ғазо секторида 28 фаластинлик, жумладан, 10 бола ҳалок бўлган.

Аввалроқ ҲАМАС ҳаракати Исроил ҳарбийлари ва фаластинликлар ўртасида давом этаётган тўқнашувлар ортида Исроилга Қуддусдаги Ибодатхона тоғи ва Шайх Жарроҳ даҳасидан хавфсизлик кучларини олиб чиқиш талабини қўйганди. Акс ҳолда ҳаракат Исроилга қарши ҳужумлар содир этиши билан таҳдид қилган.

Қуддуснинг эски шаҳрида Исроил ҳарбийлари ва фаластинликлар орасидаги тўқнашувлар 22 апрелда бошланган. Бунга Исроил судининг Шайх Жарроҳдан бир неча фаластинлик оилани чиқариб юбориш қарори сабаб бўлган.

10 майда тўқнашувлар давом этиб, 305 нафар фаластинлик жароҳат олганди.

Мавзу
Исроил ва Фаластин можароси
Яқин Шарқ май ойи ўрталарида Фаластин-Исроил можаросининг 2014 йилдан кейинги энг авж палласини бошдан кечирмоқда.
Барчаси
Top