Жаҳон | 22:13 / 15.05.2021
11191
2 дақиқада ўқилади

Парижда полиция Фаластинни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди

Аввалроқ Париж суди тартибсизликлар юз беришидан хавфсираб намойишларга рухсат бермаганди. Фаластинни қўллаб-қувватлаш намойишлари Франциянинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Фото: AFP

Парижда полиция ва Ғазо секторини қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган намойишлар қатнашчилари ўртасида тўқнашув юз берди. Бу ҳақда La Depeche хабар бермоқда.

Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркайдиган техникадан фойдаланди. Полиция бошқармасининг маълумот беришича, намойишлар ўтказилаётган ҳудудларга 4,2 минг нафар полициячи ва жандарм жалб этилди. 

Фото: AFP

Аввалроқ Париж суди тартибсизликлар юз беришидан хавфсираб намойишларга рухсат бермаганди.

«Биз фаластинликлар билан ҳамжиҳатлигимизни билдирмай туришга қаршимиз ва намойиш ўтказишимизга халақит бера олишмайди», — дея жавоб қайтарди намойиш ташкилотчилари.

France 24 каналининг хабарига кўра, улар орасида фаластинликлар ассоциацияси, антифашист ассоциациялар, New Anti-Capitalist партияси бор. Маълумот берилишича, намойиш иштирокчилари Исроилни «қотил» деб атаган ва «Озод Фаластин» деб ҳайқирган.

Фаластинни қўллаб-қувватлаш намойишлари Франциянинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда. Париждан фарқли ўлароқ, бу шаҳарларда намойишларга рухсат берилган. Тулуза ва Монпельеда бир неча юз киши иштирокида намойиш ўтказилди. Шунингдек, Лион, Бордо, Марсел, Нант, Ренн, Страсбург, Лилл, Мец шаҳарларида митинглар ўтказилиши режалаштирилган.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги тўқнашувлар 10 майдан буён давом этмоқда.

Мавзуга оид