Жаҳон | 21:00 / 17.05.2021
10778
2 дақиқада ўқилади

Путин Тожикистон билан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш бўйича битим имзолашга кўрсатма берди

Шартномада иккала мамлакатнинг минтақадаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Умумий раҳбарлик Россия марказий ҳарбий округи кучлари қўмондони томонидан амалга оширилади.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин Тожикистон билан биргаликда минтақавий ҳаво ҳужумидан мудофаа ягона тизими ташкил этилишини маъқуллади.

Бу борадаги тегишли фармойиш ҳуқуқий маълумотлар расмий интернет-порталида эълон қилинди.

Шунингдек, Путин мудофаа вазирлиги ва ташқи ишлар вазирлигига Тожикистон томони билан шартнома тузиш бўйича музокараларни бошлаш топшириғини берди.

Ҳукумат келишув лойиҳасини 12 май куни эълон қилганди. Ҳужжат мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган. Шартномада иккала мамлакатнинг минтақадаги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг биргаликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Умумий раҳбарлик Россия марказий ҳарбий округи кучлари қўмондони томонидан амалга оширилади.

Шартномани томонлардан бирининг қарорига кўра бекор қилиш ҳуқуқи билан номаълум муддатга тузиш таклиф этилади.

8 май куни Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди. Учрашув давомида томонлар минтақавий хавфсизлик масалаларига тўхталиб ўтди. Россия президенти Афғонистондаги воқеалардан хавотир билдирди ва Тожикистон ушбу мамлакат билан энг узун чегарага эга эканлигини қайд этди.

Ўз навбатида, Раҳмон АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишини эълон қилганидан кейин Афғонистондаги вазият кескинлашганига ишора қилди.

 

Мавзуга оид