Жаҳон | 23:00 / 20.05.2021
17248
12 дақиқада ўқилади

Фаластиннинг янги қаршилиги Исроилни эски саҳифаларга қайтишга мажбур қиладими?

Ғазо секторининг қамал шароитида қолиши, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги давомли босқинлар, 1948 йилдан бошлаб исроиллик арабларга иккинчи даражали инсон сифатида қарай бошлангани… – гарчи буларнинг бари шиддатли тўқнашувлар учун умумий сабаблар бўлса-да, сўнгги воқеалар ривожида бутун бошли Фаластинни оёққа турғизган омил Қуддус бўлди.

Географик жиҳатдан бир-биридан ажратилган, сиёсий жиҳатдан бўлиниб кетган ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти (FHO) асосидаги марказий етакчилигини йўқотган Фаластиннинг барча қисмлари яна ўзаро бирлашишга киришди.

Шарқий Қуддуснинг Шайх Жарроҳ маҳалласидаги фаластинлик оилаларни чиқариб юборишга уриниш ҳаракатлари, анъанавий йиғилиш майдонининг Рамазон ойида ёпилиши, Исроил полициясининг Ал-Ақсо масжидига ҳужум қилиши ва радикал кайфиятдаги яҳудийларнинг «Арабларга ўлим» шиори билан Қуддусдаги Ҳарам-уш Шарифга қилган юриши 10 майда бошланган тўқнашувларнинг кундалик сабаблари эди.

Эндиликда ҳарбий нуқтайи назардан Исроилга қарши «тўсиқ» яратиш имкониятига эга бўлган, ижтимоий жиҳатдан том маънода оёққа туришни ифода этувчи янги куч дунёга келмоқда. Неча йиллар давомида ишғол ва апартеид амалиётларини Ғазонинг ҳукмрон кучи бўлган ҲАМАС ҳамда унинг тимсолидаги «исломий терроризм»га боғлаб келган Исроилнинг хатти-ҳаракатлари энди ҳеч бир рамкага сиғмай қолди. Бу ҳолат эса ҳатто унинг классик тарафдорлари орасида ҳам жиддий баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Қўшма операция таркибида кимлар бор?

Қаршиликнинг асосий нуқтаси бўлган Ғазода худди аввалгидек бу сафар ҳам ҲАМАС ва «Исломий жиҳод» раҳбарлигидаги қўшма операция ташкил этилди.

Қўшма марказда ҲАМАСнинг қуролли қаноти Иззиддин Қассам бригадалари, «Исломий жиҳод»нинг Қуддус бригадалари, Фаластин халқ озодлик фронти (FHKC)нинг Абу Али Мустафо бригадалари, Мужоҳидлар бригадалари, Нидал ал-Амуди батальони, Носир Салоҳиддин бригадалари, Фаластин демократик озодлик жабҳасига қарашли Миллий қаршилик кўрсатиш бригадалари, Энсар бригадалари, Абдулқодир ал Ҳусайний бригадалари, Шаҳид Жиҳод Жаброил бригадалари, Шаҳид Эймен Куд гуруҳлари ва Бўрон армияси ўрин олган.

Қўшма операция маркази Исроилга берилаётган ракета зарбаларига «Қуддус қиличи» деб ном берди.

Қаршилик кўрсатиш кучларининг қўшма операция маркази илк бор 2006 йилда ташкил этилган. 2014 йилда Исроилнинг «Ҳимоя линияси операцияси»га қарши 12та ташкилот бирлашади. 2018 йилда эса ушбу бирлашма «Фаластинлик қаршилик кўрсатиш гуруҳларининг умумий хонаси» номи остида расмийлаштирилади.

Ушбу 12 ташкилот илк бор ўтган йилнинг декабрь ойида ҳаво, денгиз ва қуруқлик элементлари бирлигида ҳарбий машғулотлар ўтказди. Ушбу машқларда учувчисиз ҳаво воситаларидан ҳам фойдаланилди. Фаластин манбаларига кўра, кўплаб масалаларда, шу жумладан, соҳанинг бўлишилиши ва ракета учириш мосламаларини жойлаштириш бўйича самарали мувофиқлаштиришга эришилган.

2007 йилда ҲАМАС томонидан Ғазодан қувиб чиқарилган Фатҳнинг қуролли қаноти – Ал-Ақсо шаҳидлари бригадаси оғзаки ваъдасига қарамай, операция кучлари таркибидан жой олмади. Қўшма кучлар таркибидан ўрин олган Нидал ал-Амуди батальони, Носир Салоҳиддин бригадалари ва Мужоҳидлар бригадалари Осло шартномасидан ва қуролларни ташлаб, Фаластин маъмуриятининг хавфсизлик кучига айланишдан бош тортган Ал-Ақсо шаҳидлари бригадасидан ажралиб чиққан Фатҳ кадрлари томонидан ташкил этилган.

2018 йилда сулҳ битимини таъминлаган келишув Исроилга Ғазо эшикларини назорат остида очиш ва маош тўлаш учун Қатарга ҲАМАСга пул олиб келиш имкониятини бераётганди.

Шу боис, ҲАМАС 2019 йил ноябрь ойида «Исломий жиҳод» раҳбари Баҳо Абу ал Атта ва унинг рафиқасини ўлдиргани учун Исроилдан қасос олиш мақсад қилинган «Тонг шовқини» операциясида қатнашмади.

Келишувда воситачи бўлган Миср билан қарама-қарши бўлишни истамаган ва Исроил билан курашни бемаврид деб билган ҲАМАС пул оқими тўхтамаслиги учун қаршилик ҳаракатини сусайтирганликда айбланди. Қатар шу пайтгача ҲАМАСга 1,8 миллиард доллар берган.

Ракета захираси қандай пайдо бўлди?

Ушбу урушнинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуларидан бири Ғазодан отилган ракеталар масофа, аниқлик ва таъсир жиҳатидан нисбатан илғорлик касб этаётганидир.

Ғазодаги ташкилотларнинг қуролланиши, айниқса, ракета ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишида Эроннинг ҳиссаси катта. 1988 йилда Исроил мавжудлигини тан олиб, зўравонликни рад этганидан сўнг ўзгаришга учраган ва Осло келишувидан кейин «тишлари тўкилиб тушган» «Фатҳ»нинг ўрнини тезда бошқа радикал ташкилотлар тўлдирди.

Эроннинг иштироки эса ракеталар масаласида мувозанатни юзага келтирди.

Сурия ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» иштирокидаги юк ташиш ва ҳарбий-техник тайёргарлик масаласида ҳам Эрон муҳим рол ўйнади. Сўнгги бир неча йил давомида Исроил Суриядаги Эрон активларига ҳаво зарбалари бериш орқали ушбу таъминот линиясининг янада ривожланиб кетишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.

2006 йилги урушдан кейин Ливан учун ишлатилган огоҳлантириш муддати сўнгги урушда Ғазо учун ҳам эълон қилинмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бир ҳафта ичида 3 мингга яқин ракета ишлатаётган Ғазо урушни шу тарзда бир ёки икки ой давом эттириши мумкин.

Бу – ўйин қоидаларини ўзгартирувчи янги ҳақиқат. Исроил манбаларига кўра, ҲАМАСнинг захирасида 5-6 минг, «Исломий жиҳод»нинг захирасида эса 8 минг ракета мавжуд. Баъзи манбаларда ракеталарнинг умумий сони 30 мингни ташкил этиши айтилмоқда. Ҳақиқий рақамларни билиш эса имконсиз.

Ғазодаги Иззеддин Қассам бригадаларининг ҳарбий куч жиҳатидан устунлигини Қуддус бригадалари таъқиб этмоқда. Сўл гуруҳлар, хусусан, FHKC ҳам Эронга энг яқин гуруҳ бўлган «Исломий жиҳод» орқали қурол олади.

Сўнгги пайтларда FHKC’нинг Эрон билан тўғридан тўғри алоқалари кучайди. FHKC’дан ташқари, сўл томондан қуролли қаршилик кўрсатишда қатнашганлар қаторида Фаластин демократик озодлик жабҳаси ва Носир Салоҳиддин бригадаларини ҳам санаб ўтиш мумкин.

ҲАМАС билан «Исломий жиҳод» ҳозирда ўз ер ости иншоотларида ракета ишлаб чиқариш учун етарлича ихтисослашган бўлиб, чет элга қарамлик камайган. Суриядан олинган танкларга қарши баъзи қуроллар эса Мисрнинг Синай ярим оролидан Ғазога туннеллар орқали киритилади. Аввал ушбу махфий йўлда Судан ҳам бор эди.

Ғазодан Исроилга ҳужум қилишда ҳозирга қадар Қассам (10 км), Қуддус 101 (16 км), Град (55 км), Сижжил (55 км), Фажр (100 км), Бадр 3, М-75 (75 км), SH- 85, J-80 (80 км), J-90 (90 км), R-160 (120 км), А-120 (120 км), Сурияда ишлаб чиқарилган М-302 (200 км) ва Айяш 250 (250 км) ракеталари, шунингдек, камикадзе дронлари ва корнетлардан фойдаланилди. Ашдод, Ашкелон, Димона, Негев, Бир Шеба, Лод, Рамле, Қуддус, Тель-Авив шаҳарлари, шунингдек, Бен Гурион аэропорти нишонга олинди.

ҲАМАСнинг ракета полигонлари

Манба: Исроил мудофаа кучлари (IDF)

ҲАМАС ва «Исломий жиҳод»дан ташқари бошқа ташкилотлар фойдаланадиган ракета/миномёт оралиғи фақат Ашкелон-Ашдодга етиб бориши мумкин. Фаластинлик манбанинг ҳисоб-китобларига кўра, Исроилга отилган ракеталардаги ҲАМАСнинг улуши 45-50 фоизни, «Исломий жиҳод»нинг улуши 35-40 фоизни, бошқа ташкилотларники эса 10-15 фоизни ташкил қилади. Қаршилик кўрсатишнинг фуқаролик қанотида ҳам ҳар бир ташкилот алоҳида ўрин тутади. Масалан, сўлчи гуруҳлар соғлиқни сақлаш соҳасида ажралиб туради.

Фаластинликлар ўйин қоидаларини ўзгартира оладими?

Эндиликда ҳам ҳарбий натижалар, ҳам ижтимоий сафарбарлик нуқтайи назаридан янги манзара пайдо бўлди. Ракеталарнинг камида 10 фоизи «Темир гумбаз»ни тешиб ўтаётгани, айниқса, давомли ўқ отишларда қалқоннинг ишлаш тезлиги пасаяётгани, 2014 йилги уруш билан таққослаганда, ракеталарнинг учиш масофаси, зарбаси ва кучи ошгани, нефтни қайта ишлаш заводи, порт, аэропорт каби муҳим стратегик объектларга жиддий зарар етаётгани зиддиятнинг янги босқичига ишора қилмоқда.

Анчадан бери Ғазога зарба берар пайт ёки Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги кескинликлар авж олганда Исроил ўз ҳудудидаги арабларининг фуқаролик итоатсизлиги каби жиддий муаммоларга дуч келмаганди. Масала Қуддусга бориб тақалгач, 1948 ва 1967 йиллар чегараларидаги фаластинликлар бирлашди.

Яффа, Акка, Лод, Рамле, Назарет, Бир Шеба, Сефа Амр, Умм-ул Феҳм, Кафр Канна ва Кафр Манда сингари кўплаб жойларда намойишлар ва фуқаролар урушига ўхшаш зўравонлик ҳодисалари содир бўлди. Бу эса Қуддусга қадам қўяётган Исроилнинг бош қотириши керак бўлган янги қаршилик томирига айланди.

Гарчи тенгсизлик, репрессия ва таъқиблар босими остида қолган бўлса-да, 1948 йил чегараларидаги фаластинликлар Исроил фуқаролигини олган, ўз партиясини тузган ва ҳаттоки 2019 йил апрелдан бери ўтказилган 4 сайловда мос равишда 10, 13, 15 ва 10 нафар депутат билан Исроил парламенти Кнессетда учинчи блок бўла олган халқдир.

Аҳолиси 1,8 миллиондан ошган фаластинлик араблардан Исроил ғалаён кутмаган эди. Содир бўлаётган воқеалар Фаластиннинг бошқа қисмлари билан ўзаро алоқаларни кучайтиради, ҲАМАС, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг таъсир доираси ошади ва охир оқибат, Исроилни эски саҳифаларга қайтаради, деган тахминлар янграмоқда.

Умумий фикр шундан иборатки, ёшлар бошчилигидаги қўзғолон ташкилий эмас, балки тўпланган ғазабнинг портлаши натижаси эди. Бироқ бундан кейин 1948 йил чегараларидаги Ғазо ташкилотларининг прогнозлари янада аниқроқ бўлиши мумкин. Исроил эса ҳибсга олиш кампанияси билан ҳеч кимнинг уйғонишига йўл қўймаслигини аллақачон намойиш этиб улгурди.

Шарқий Қуддусдаги қаршиликнинг профили бироз бошқача. Ғазодаги ташкилотларнинг кенгайиши бу ерда қадимдан мавжуд. 1967 йилги босқиндан кейин қўшиб олинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликлар Исроил ҳуқуқий тизимига фуқаролик алоқалари билан эмас, балки яшаш карталари билан киритилган. Исроил ҳозирга қадар турли сабабларга кўра 14 минг 500 фаластинликнинг яшаш картасини бекор қилди. Ушбу қарорлар «фаластинликлардан тозаланиш» сиёсатининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Қуролли ташкилот бўлмаган Шарқий Қуддусда фаластинликлар фуқаролик қаршилиги билан Исроилни баъзи масалаларда орқага қадам ташлашга мажбур қилди.

Шарқий Қуддусдаги қаршилик йўналишида қуролли ўзгариш кутилмаяпти.

Бирор нарсани олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳудуд – Ғарбий Соҳилдир. Бу ерда Исроил аскарлари ва кўчманчилар билан чамбарчас боғлиқ бўлган фаластинликлар икки томонлама назорат остида яшайди. Фаластин маъмуриятига қарашли хавфсизлик кучлари Осло келишуви асосида Шин Бет билан ҳамкорлик қилади.

Қаршиликни ташкиллаштириши мумкин бўлган кўплаб инсонлар ушбу ҳамкорлик натижасида ҳибсга олинди.

Гарчи Ғарбий Соҳилда Ғазодаги ташкилотларнинг кенгайтмаси мавжуд бўлса-да, улар унча кўзга ташланмаяпти. Эҳтимол, бу ерда зўравонликни рад этган ва қуролсизланиш шартларига риоя қилган «Фатҳ»нинг ичида муқобил пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Ал-Ақсо шаҳидлари бригадаси бир неча бор қурол билан қаршилик кўрсатганига қарамай, улар бостирилди. Агар Ғазога қарши операция чўзилса, Маҳмуд Аббос маъмурияти Ғарбий Соҳилдаги ўз назоратини йўқотиши мумкин.

Ушбу нотинчликларнинг барчаси Исроилнинг араб давлатлари билан ўз баҳорини бошдан кечирган даврга тўғри келди. Бу эса Фаластин масаласини осонликча кўмиб бўлмаслиги кўрсатмоқда. 

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид