Ўзбекистон | 12:24 / 25.05.2021
6867
3 дақиқада ўқилади

«Бу фақат ижобий натижа беради» – Молия вазири давлат банклари хусусийлаштирилса, бюджет харажатлари камайишини айтди

Молия вазири Тимур Ишметов бугунги кунда давлат банкларини хусусийлаштириш жараёни кетаётгани, уларни сотиш тизимни ривожлантириши ва бюджет харажатлари камайишига олиб келишини маълум қилди.

Вазирлик раҳбари Тошкентда ўтказилаётган беш ташаббус фестивалида давлат банкларини хусусийлаштиришнинг ижобий жиҳатлари ҳақида гапирди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вазир узоғи билан учта йирик давлат банки хусусийлаштирилса, 12 ой давомида бозорда катта ўзгаришлар бўлишини айтди.

«Ўтган йили президент қарори билан кейинги 5 йилда банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тасдиқланган. У ерда аниқ кўрсатилганки, бир неча банкларгина хусусийлаштирилмайди. Қолганлари хусусийлаштирилади. Ҳозирда шу стратегия доирасида иш кетмоқда.

Ҳар бир банкка тегишли ташкилотлар ёлланган. Банкларни озгина эпақага келтириб, сотса бўладиган тижорат банкларига айлантириш керак. Бу иш деярли барча давлат банкларида жадал амалга оширилмоқда.

Куни кеча Давлат активларини бошқариш агентлиги иккита кичик банкни сотувга қўйди. Қизиқувчилар бўлса сотилади.

Бундан ташқари, камида битта катта йирик банкни шу йилнинг охиригача хусусийлаштириш режалаштирилган. Уни ҳозир айта олмайман. Чунки жараён кетяпти. Кейинги йилда эса бундан ҳам кўпроқ, 3 та йирик банкни хусусийлаштириш режамиз бор.

Бу фақатгина ижобий натижага олиб келади. Биринчидан, Молия вазирлиги сифатида давлат банкларидан, яъни қанақадир боқимандалардан қутуламиз. Чунки улар доим пул ва ресурс сўрайди. Фақат харажат. Иккинчи томондан, бу албатта сифат олиб келади. Чунки хусусийлаштирилганда стратегик инвесторга, яъни бу шунчаки пули бор бой одамга эмас, ҳақиқатан ҳам банк соҳасида юқори малакали бўлган ташкилотларга сотилади. Яъни хорижий банкларга. Улар ўзининг тўғридан тўғри сифатли янги маҳсулотларини олиб келади. Ва бозорда сифатли хизматлар пайдо бўлиб, қолган банклар орасида ҳам рақобат юзага келади.

Аминманки, иккита ёки узоғи билан учта йирик давлат банки хусусийлаштирилса, 12 ой давомида бозорда кўзга кўринадиган жуда катта ўзгаришлар бўлади», деди Тимур Ишметов.

Аввалроқ, Марказий банк департаменти директори Санжар Носиров 2021 йилда 6 та банк хусусийлаштиришга тайёрланиши, битта банкни стратегик инвесторларга сотиш бўйича чоралар кўриб борилишини маълум қилганди.

Хусусан, «Саноатқурилишбанк», «Асака», «Ипотека», «Алоқа», «Турон» ҳамда «Қишлоққурилишбанк» банклари хусусийлаштиришга тайёрланиши, «Агробанк», «Миллий банк» ва «Микрокредитбанк» эса давлат улушида қолиши билдирилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид