Жаҳон | 18:31 / 25.05.2021
31020
10 дақиқада ўқилади

Исроил-Фаластин сулҳида Миср қандай қилиб Туркияга қараганда самаралироқ рол ўйнади?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған фаол дипломатия ва оташин риторика билан Фаластин-Исроил можаросида ҳал қилувчи рол ўйнашга ҳаракат қилган бўлса-да, сулҳни таъминловчи жараённинг асосий кучи Миср бўлди.

2014 йилги урушдаги каби Қатар ва Туркия ҲАМАСга таъсир қилишга уриниб кўрди, аммо Ғазо ва Исроилдаги ташкилотлар билан алоқалари туфайли Миср воситачи мамлакат сифатида ўз позициясини сақлаб қолди.

Ғазодаги ташкилотлар ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш ҳаракатларини Миср разведкаси бошлиғи Аббос Комил ва ташқи ишлар вазири Сами Шукри олиб борди.

Эрдўғаннинг Исроилга айтган сўзларидан безовта бўлган Америка маъмурияти ҳам ўт очишни тўхтатиш учун Миср билан яқин ҳамкорлик қилди.

Covid-19 пандемияси сабабли ички муаммоларга эътибор қаратган ва халқаро сиёсатда устуворликни Хитой, Россия ва Эронга берган Америка маъмурияти муаммонинг энергия сарфини кенгайтирмаслик учун Исроилга сезиларли босим ўтказди. АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари Ҳоди Амр ва Жоуди Ҳуд томонидан минтақада музокаралар олиб борилиши асносида Миср билан алоқа кучайди.

Қоҳиранинг саъй-ҳаракатлари Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасидаги илк телефон қўнғироғига ҳам сабаб бўлди. Сулҳ эълон қилинишидан бир неча соат олдин Байден Сисига қўнғироқ қилди ва унга тутган роли учун миннатдорчилик билдирди, кескинликни камайтириш йўллари ҳақида гапирди.

Сиси Байден билан муносабатларда Эрдўғандан устун келди

Эрдўған Исроилни террористик давлат, деб айблашдан ташқари яна бир баёнот берди. У «Яҳудий бош вазир» деб тилга олган, аммо исми айтилмаган исроиллик бир раҳбар Туркияга ташрифи чоғида унга «Мен генераллик пайтимда фаластинликларни ўлдиргандим ва бу менга жуда катта завқ берганди» деганини айтиши ортидан Эрдўған Америка маъмурияти томонидан илк бор «антисемит сўзлар ишлатиш»да айбланди. 

Шу тахлит ўзаро айбловлар давом этар экан, АҚШнинг Туркиядан воситачилик қилишни сўраши учун асос қолмади.

Эрдўған ҳам, Сиси ҳам Байден билан муносабатларни муаммоли тарзда бошлагани ҳисобга олинса, Миср бу жараёндан фойда билан чиққан томон бўлди, дейиш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, Фаластин-Исроил можаросига ёндашиш Анқара-Вашингтон йўналишидан узоқлашиб, Қоҳира-Вашингтон йўналишига яқинлашди.

Тель-Авив билан муносабатларнинг даражаси ва табиати Анқарага Исроил билан алоқада бўлиш ёки унга таъсир ўтказишга имкон бермади. Шубҳасиз, Эрдўған ҲАМАС ва Исроил ўртасида воситачи бўлишни уддалай олганида бу имкониятни қўлдан бой бермаган бўлар эди. Шу боис, Эрдўғаннинг стратегияси халқаро майдонда Исроилни бостириш учун ҳаракат сифатида олдинга чиқди.

ҲАМАС Мисрга қулоқ солади

Эрдўған стратегиясининг натижалари бўйича иккита асосий фикрни айтиш мумкин:

Биринчидан, ҲАМАС билан алоқалар сулҳга эришиш даражасидаги таъсирга эга бўлмади.

Иккинчидан, дипломатик алоқалар халқаро ҳамжамият кутганидек чиқмади.

Туркиянинг Фаластинга таъсир ўтказиш қобилиятига оид муболағали хулосалар Эрдўғаннинг издошлари учун ҳам, Исроил учун ҳам одатий ҳолдир. Қолаверса, «Фаластин тарафдорлари» ташаббуслари ва риторикаси ҲАМАСга жиддий таъсир кўрсатмайди.

Ташкилот вакили Февзи Берҳум Al Jazeera каналининг саволига жавоб берар экан, ракета ҳужумларини тўхтатиш учун Туркия ва Қатарнинг ҲАМАС билан алоқага чиққанини тилга олди. 

ҲАМАС ўзининг Туркия ва Қатар билан алоқаларига, шубҳасиз, аҳамият қаратса-да, у масала ўт очишни бошлашга келганда Эронга, ўт очишни тўхтатиш ҳаракатлари бошланганда эса Мисрга таянадиган ташкилотдир.

Қолаверса, сиёсий шароитлар ҳам жуда ўзгарган: бир томондан, Туркия «Мусулмон биродарлар»ни қўллаб-қувватлашни қисқартириш эвазига Қоҳира билан нормаллашиш чиптасини сотиб олган кўринади. Бошқа томондан эса Суриядаги инқироз пайтида Доҳа ва Анқаранинг таклифи билан сиёсий идорасини Дамашқдан олиб чиққан ҲАМАС ҳам «қаршилик ўқи»даги аввалги жойига қайтишга ҳаракат қилмоқда.

Бундан ташқари, яна бир ҳақиқат ҳам мавжуд: ҲАМАС ҳар қандай ҳолатда ҳам Мисрни беэътибор қолдирадиган ҳолатда эмас.

ҲАМАС-Миср муносабатларининг табиати

ҲАМАСнинг Миср билан муносабатларини белгилайдиган нарса ишонч ва шериклик эмаc, мажбуриятдир. Фаластинликлар 2008 йилда «Қўрғошин операцияси»дан олдин Ғазода ҲАМАС бошқарувига барҳам бериш бўйича Қоҳира ва Тель-Авив ўртасида келишувга эришилган деб ўйлаганди.

ҲАМАС Муҳаммад Мурсий бошқарувидан жуда умидвор эди. Аммо ҲАМАС учун ҳақиқий фожиа «Мусулмон биродарлар» даврида Миср армиясининг чегара туннелларини ёпиб қўйиши бўлганди. Ҳусни Муборак даврида Миср разведкаси томонидан кўз юмиб келинган 550та туннелга сув бостирилади.

2013 йил Мурсийга қарши тўнтаришдан сўнг, Қоҳира билан муносабатлар янада нозиклашди. 2014 йилдаги «Ҳимоя қирраси» операцияси давомида ҲАМАС аввал Қоҳирани Ғазо талабларини қондирмасликда, адолатли воситачи эмасликда ва Исроилга ёрдам беришда айблади. Миср ҳам 2014 йилдаги сулҳда чегара дарвозаси бошқарувини Ғазони назорат қила олмайдиган Маҳмуд Аббос маъмуриятига топшириб, ҲАМАСнинг «бурнини ерга ишқалаган» эди.

Кейин эса ҲАМАС Қоҳирага билан муносабатларни бузмасликка ҳаракат қилиш позициясига қайтди.

Қоҳира ҳам террористик ташкилот, деб ҳисобловчи «Мусулмон биродарлар» ҲАМАСнинг Туркия ва Қатарга Фаластин даъвосига кириш каналларини очиб беришидан хавотирлари сабабли Ғазо билан бўлган муносабатларда фақат жазоловчи рол ўйнашдан тийила бошлади.

2014 йилдан фарқли ўлароқ, Миср Исроилнинг ҳужумларини қоралаб, гуманитар ёрдам ваъда қилиш ва ярадорларга чегара дарвозасини очиш орқали Ғазони эътиборсиз қолдирмаслигини кўрсатди. Сулҳдан сўнг дарҳол Миср ёрдам карвони билан йўлга чиқди.

Мисрнинг Ғазодаги мавқейи

Мисрнинг Ғазо билан алоқалари тарихий жиҳатдан ҳам аҳамиятга эга.

Умуман айтганда, Мисрнинг Ғазо, Иорданиянинг Ғарбий соҳилидаги роли фақат географик жиҳатдан қўшнилик эмас, бу унинг ўтмишда ушбу минтақалар устидан назорат ўрнатганига асосланган.

Ғазо 1948-1967 йилларда Миср таркибида бўлган. Исроилнинг 1967 йилдаги уруши 1994 йилдаги Осло келишувидан сўнг якунланган. Трамп маъмурияти Фаластин даъвосини тарихга кўмадиган шаклда Форс кўрфази давлатлари билан музокаралар олиб бориш орқали Миср ва Иорданиянинг мавқейини пасайтиришга уриниб кўрди. Аммо биринчи тўқнашувдаёқ бу сценарий бузилди.

Ғазо-Синай ярим оролининг туннеллари, махфий йўллари ва радикал кучларнинг кириб бориши сабабли Миср, одатда, масалага миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан ёндашади.

Мисрликлар бир мунча вақт Синайдан уюштирилган ҳужумлар учун ҲАМАСни жавобгар сифатида кўрди. Шу нуқтайи назардан у Ғазонинг «ўпка»си ва ташқи дунё билан алоқа қилиш нуқтаси ҳисобланган чегара дарвозасидан ҲАМАСни «тарбиялаш» воситаси сифатида фойдаланмоқда. Чегара дарвозаси сулҳ битимларининг ҳам энг муҳим элементларидан бири бўлиб келмоқда.

Бинобарин, Миср нафақат воситачилик, балки сулҳнинг амал қилиши нуқтайи назаридан ҳам ўз ролини сақлаб қолиши мумкин. Сўнгги келишувга мувофиқ, Миср сулҳнинг доимий сақлаб қолиниши учун Ғазо ва Тель-Авивга икки делегация юборди.

Фаластин дипломатияси самарасиз

Эрдўғаннинг позицияси томонлар ўртасида воситачилик қилишга имкон бермагани каби у олиб борган Фаластин дипломатияси ҳам самарасиз бўлди.

«Мен бутун дунёни Исроилнинг ҳужумларига қарши чоралар кўришга чақираман», деган даъват билан чиққан Эрдўған Қатар, Покистон, Иордания, Кувайт, Малайзия, Индонезия, Жазоир, Ўзбекистон, Қирғизистон, Афғонистон, Ироқ, Нигерия, Ливия, Уммон ва Россия раҳбарлари билан қўнғироқлашди.

Лекин Европа Иттифоқи раҳбарлари, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Россиядан бошқа ҳеч бир давлат билан алоқа ўрнатиб бўлмади. Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ҳам параллел телефон қўнғироқларини олиб борди.

Дипломатик регресс ҳар қачонгидан каттароқ бўлган бир пайтда кўплаб раҳбарлар билан боғланиш, шубҳасиз, Эрдўғанга ўзини яхши ҳис қилишга ёрдам бериши мумкин. Аммо белгиланган энг оддий мақсадларга ҳам эришила олинмади.

Мақсадлар қаторида Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) етакчиларини тўплаш ва БМТ Бош ассамблеясининг резолюциясидан қарор чиқариш ҳам бор эди. Дональд Трамп маъмурияти томонидан Қуддус Исроилнинг пойтахти деб тан олинишидан сўнг юзага келган кескинликдан сўнг Туркия 2017 йил 6 декабрда ИҲТ саммитини 7 кун ичида Истанбулда ўтказа олганди.

Туркиянинг саъй-ҳаракатлари туфайли 2017 йил 21 декабрда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қарор қабул қилинганди. Эндиликда Волкан Бозкир бошчилик қилаётган БМТ Бош ассамблеяси урушнинг 10-кунида йиғилди, аммо қарор қабул қилинмади. ИҲТ ҳам элчилар ва ташқи алоқалар даражасидаги иккита виртуал учрашув билан масъулиятни четлаб ўтди.

Эрдўған БМТ Хавфсизлик Кенгашидан масалага дарҳол аралашишини талаб қилди ва ҳатто Фаластиннинг тинч аҳолиси ва Қуддусни ҳимоя қилиш учун минтақага халқаро ҳимоя кучларини юбориш таклифини билдирди. Човушўғли ҳам ушбу таклифни БМТ Бош ассамблеясида билдирди. Бироқ Малайзия ва Покистондан ташқари ҳеч ким халқаро ҳимоя куч таклифи борасида индамади.

Сулҳ каби ҳаётий мақсадни эмас, балки масала юзасидан халқаро шароитлар нуқтайи назаридан амалга ошириб бўлмайдиган таклифни билдириш Фаластин-Исроил можароси контекстидан ажралишни англатади.

Шунга қарамай, ҳукумат расмийлари халқаро сезгирлик ошиши ва 11 кунда сулҳ тузилишини Эрдўғаннинг таъсири билан изоҳламоқда. Бироқ Туркия бу қадар сафарбар бўлмаган замонларда Фаластиннинг халқаро қўллаб-қувватланиши кўпроқ бўлгани айтилмоқда. Бундан ташқари, халқаро платформаларда, айниқса, араб дунёсида Эрдўған Фаластиндан сиёсий мақсадларда фойдаланди, деган фикрлар янграмоқда.

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид