Ўзбекистон | 17:40 / 28.05.2021
12867
5 дақиқада ўқилади

Самарқанднинг абгор аҳволдаги 9 кўчаси: улар чанг-тўзон ва тирбандликка сабаб бўлмоқда

Самарқанд шаҳри кўчаларида кенг миқёсдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жуда кўплаб кўчалар қайтадан лойиҳаланиб, капитал таъмирланмоқда. Бироқ...

Албатта, барчаси самарқандликлар ҳамда шаҳар меҳмонларининг қулайлиги учун амалга оширилаётгани аниқ. Лекин шошилинч тарзда, бирваракайига кўплаб кўчаларнинг қазиб ташлангани оқибатида шаҳарда транспорт коллапси келиб чиққан.

Эҳтимол, мутасадди раҳбарларнинг ғилдираги катта, ойнаси қорайтирилган машиналаридан бу ноқулайликлар билинмас ё кўринмас, лекин Самарқанд халқининг қийналаётгани рост. Улар «ойнинг ёруғ ўн беш куни»ни сабр билан кутишмоқда. Ҳолбуки, бу масала шаҳарликларни камида икки йилдан буён қийнамоқда. Kun.uz аввал ҳам бу мавзуда чиқиш қилган эди.

Олдинга ўтиб айтиш мумкинки, кўчаларнинг барчаси йил охиригача тўлиқ таъмирланиб фойдаланишга топширилиши вилоят ҳамда шаҳар раҳбарлари, мутасаддилар томонидан ваъда қилинмоқда.

Kun.uz мухбирлари бугунги Самарқанд кўчаларидаги вазият билан яқиндан танишиб чиқишди.

Бўстонсарой кўчаси. Шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири бўлган ушбу кўча кенгайтирилмоқда. Аҳоли уйлари «снос» қилинган. Рудакий кўчаси билан кесишмада туннелли янги йўл ўтказгич барпо этилмоқда. Шунингдек, Сиёб канали устидан ўтадиган кўприк ҳам кўтарилади ва кенгайтирилади. Айни пайтда кўчанинг бир қисми ёпиб қўйилган, автомобиллар йўлининг ярмидан икки томонлама ҳаракат қилишмоқда.

Рўдакий кўчаси. Бўстонсарой ва Даҳбед кўчалари чорраҳаларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Сиёб бозори яқинида ниҳоят аҳоли уйлари «снос» қилиниб, кўча кенгайтирилмоқда. Айни пайтда трамвай йўлларини ётқизиш, кўчани лойиҳа бўйича қум-шағал тўшамасига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Кўчанинг бу қисми қатнов учун беркитилган.

Академик Воҳид Абдуллаев кўчаси. Самарқанд Халқаро аэропортига элтувчи бу кўча ўзи яқингинада кенгайтирилиб, асфалтланган эди. Энди негадир унинг бир қисмидан асфалт қопламаси шилиб олинган. Кўча беркитилмасдан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Зарафшон шоҳкўчаси. Кенгайтирилиб, мукаммал таъмирланган Уста Умар Жўрақулов кўчасидан М37 йўлига олиб чиқувчи Зарафшон шоҳкўчасида ҳам катта қурилиш ишлари бошланган. Йўлнинг қопламаси остидаги тупроқ қазиб олиниб, тош-шағал ётқизилмоқда. Чанг тўзон кўтарилиб, кўчадаги умумий овқатланиш корхоналарининг аксарияти вақтинча иш фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Кўча қатнов учун беркитилгани эълон қилинган бўлса-да, машиналар ҳаммаёқни чангга тўлдириб қатнашмоқда.

Садриддин Айний кўчаси. Бу кўчада Туркия фирмаси билан ҳамкорликда газ, ичимлик суви, канализация тармоғи ўтказилиши муносабати билан кўчанинг бир қисми қазиб ташланган. Қатнов йўлнинг қолган ярмисида давом эттирилмоқда ва катта тирбандликлар келтириб чиқармоқда.

Абдураҳмон Жомий кўчаси. Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган кўчанинг ҳозирча фақат шаҳар ҳокимлиги ёнидан ўтувчи қисми асфалтланган. Қолган қисмида ҳаракат чекланган ва асфалт ётқизиш ишлари давом эттирилмоқда. Бугун санаб ўтган кўчаларимиз ичида бир ҳафта–ўн кун муддат ичида — энг тез битадигани шу кўча.

Даҳбед кўчаси. Ушбу кўчада асфалт кесилган, қазилган, сўнгра қандайдир қувур ўтказилган. Иш тугагач, шунчаки шағал билан кўмиб қўйилган. Асфалтлашни эса унутишган. Кўчани тўлиқ асфалтлаш режа қилингандир, деган яхши гумонга бориб қўя қолдик.

Али Қушчи кўчаси. Сўғдиёна мавзесида жойлашган ушбу кўчада ҳам асфалт йўл остига қувур ётқизиш ишлари давом этмоқда. Бунинг эвазига йўл қисқарган ва автомобиллар тирбандлиги юзага келмоқда. Умид қиламизки, қувур ётқизиш ишлари тугагач, йўлсозлар дарҳол кўчани аввалги кўринишига келтириб қўйишади.

Хишрав йўли кўчаси ҳам ижтимоий тармоқларда ҳақли эътироз келтириб чиқараётган кўчалардан бири. Дарғом канали устидан ўтган кўприк қисмида асфалтнинг юқи ҳам қолмаган. Қолаверса, кўча бўйлаб қувур ётқизилгач, шунчаки шағал билан кўмиб қўйилган. Бу эса ҳайдовчиларга ноқулайлик келтириб чиқармоқда.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Самарқандда ҳаракат учун ноқулайлик бўлиб турган кўчалар мана шуларгина эмас. Биз атайлаб энг марказий кўчаларни санаб чиқдик. Булардан ташқари, таъмирлашга муҳтож бошқа кўчалар ҳам бор.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов президент раислигида ўтказилган селекторлардан бирида вилоятда асфалт қоришмаси ишлаб чиқариш бир неча бараварга ортганини таъкидлаб ўтган эди. Умид қиламизки, ёзнинг булутсиз ва ёғинсиз кунлари, пандемия чоғида туристлар камроқ ташриф буюраётганидан унумли фойдаланиб кўчалар мукаммал таъмирланади, Самарқанд шаҳри кўчалари тез орада ўзининг равонлиги ва қулайлиги билан тилларга тушади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.
Фотосуратлар муаллифи: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид