Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ўрганишлар олиб борди. Ўрганишлар нафақат ўрта, балки олий маълумотли ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам ҳал қилиниши зарур бўлган айрим масалалар борлигини кўрсатган.
«Республикамизда 2021 йил 1 январь ҳолатига мавжуд бўлган 19,1 млн нафар меҳнат ресурсининг 14,8 млн нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Шундан 13,2 млн нафари ўз иш-жойига эга, 1,6 млн аҳоли бандлигини таъминлаш талаб этилади. Улардан 805,2 минг кишидан ортиғи 16-30 ёшдаги ишсизлар.
Шунингдек, меҳнат бозорига 2021 йилда жами 560 минг битирувчи кириб келади. Яъни олий таълим муассасаларини 103,1 мингдан ортиқ, умумтаълим мактабларини 440 мингга яқин, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 18 мингдан зиёд ёшлар тамомлайди. Натижада 2021 йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 365,2 минг нафарни ташкил қилади.
Республикада 131 та ОТМда бакалавриатда 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил қилинган. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган», дейилади Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳисоботида.
Шунингдек, ҳисоботда келтирилишича, ҳозирда республикада айнан тармоқлар кесимида квалификацион ва олий маълумотли кадрларга бўлган талабни ўрганиш тизими жорий этилмаган.
Олий ўқув юртларига қабул квоталарини белгилаш ва кадрлар тайёрлашда меҳнат бозори талабларига етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида аксар битирувчилар ўз касби бўйича ишламайди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизларнинг 27,9 минг нафари ишсиз битирувчилардан иборат.
Бундан ташқари, таклиф қилинаётган маош катта маблағ сарфлаб контракт асосида таълим олган битирувчиларни қаноатлантирмаслиги таъкидланган.
«Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритиладиган Ягона миллий меҳнат тизимида корхона ва ташкилотларда кадрларга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ жами 116 мингдан ортиқ бўш иш ўрни қайд этилган (Тошкент шаҳрида 23 417, Тошкент вилоятида 21 449, Андижон вилоятида 10 634, Фарғона вилоятида 9 460, Самарқанд вилоятида 8 644, Бухоро вилоятида 8 524).
Бироқ ёшлар тизимдан етарли даражада хабардор эмас. Қолаверса, мавжуд бўш иш ўринларида таклиф қилинаётган маош катта маблағ сарфлаб контракт асосида таълим олган битирувчиларни қаноатлантирмайди. Жумладан, айни пайтда олий маълумот талаб этадиган 19 177 та бўш иш ўрни учун 1 млн сўмгача, 26 754 та бўш иш ўрни учун 2 млн сўмгача маош таклиф этиляпти.

















