23:34 / 07.06.2021
30650

Ургутда мих ёрдамида қилинган қотилликни суратга тушириб ижтимоий тармоқларда тарқатган йигит қамоққа олинди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Жорий йил 6 июнь куни Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғўс қишлоғи марказида спиртли ичимлик таъсири остида бир йигит иккинчи йигитни мих билан жароҳатлаб ўлдирди. Атрофдагилардан бири ҳолатни видеотасвирга олиб, сўнг уни ижтимоий тармоқларга жойлаган. Бугун ана шу йигит 7 суткага қамалган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео юзасидан ИИБ ходимлари томонидан текширув олиб борилганда, уни Ургут туманида яшовчи Ш.С. тарқатгани аниқланган.

Қайд этилишича, ИИБ ходимлари фуқаро Ш.С. билан бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борганда у фаол қаршилик кўрсатган.

Шундан сўнг фуқаро Ш.С.га тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган ва тўпланган ҳужжатлар Ургут туман судига юборилган. Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан Ш.С.га нисбатан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддалар мавжуд бўлиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган. 

Top