Жамият | 23:26 / 09.06.2021
8485
5 дақиқада ўқилади

ЙҲХББ: «Фуқаролар томонидан юборилаётган таклифларнинг қарийб 80 фоизи йўллардаги камчиликлар ҳақида»

Жорий йил 3 июнь куни кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида республика йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва амалий муаммоларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳининг электрон манзили ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари эълон қилинган эди.

ИИВ ЙҲХББнинг маълум қилишича, бир ҳафта давомида юборилган таклифларнинг қарийб 80 фоизида одамлар йўллардаги камчиликларни тўғрилаш ҳақида ёзган.

Иш жараёни давомида экспертлар Telegram гуруҳи орқали 1000 га яқин фуқародан 1847 та, Facebook гуруҳи орқали эса 30 нафар фуқародан 32 та, жами 1879 та таклиф олган.

Қайд этилишича, таклифларнинг 77,9 фоизи ёки 1464 таси йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш юзасидан берилган.

Жумладан:

  • 1104 таси ёки 58,7 фоизи йўлларни таъмирлаш ва таъмирланишида замонавий ёндашувни қўллаш;
  • 66 таси ёки 3,5 фоизи ерости ва ерусти пиёдалар ўтиш жойлари, ортга қайрилиб олиш жойларини хавфсиз ташкил этиш;
  • 65 таси ёки 3,5 фоизи шаҳар ва туман ҳудудларида жойлашган ўқув муассасалари ва мактаблар олдида белгиланган тезликни соатига 30 километргача камайтириш;
  • 60 таси ёки 3,2 фоизи йўл белгиларини ўрнатиш ва айримларини янгилаш;
  • 57 таси ёки 3,1 фоизи йўллар сифатини яхшилаш, асфальт ўрнига бетон қопламасига алмаштириш;
  • 40 таси ёки 2,1 фоизи йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида махсус автотураргоҳларни ташкил қилиш ва кўп қаватлиларини қуриш;
  • 39 таси 2,1 фоизи чорраҳа ва йўлларда мавжуд бўлган светофорларни замонавий рақамли светофорларга алмаштириш. Шунингдек, пиёдалар учун тугмали светофорлар сонини ошириш;
  • 33 таси ёки 1,7 фоизи фуқаролар йўл иншоотлари, йўл белгиларини ўрнатиш ва қайта жиҳозлаш масалаларини ЙҲХБ тизимига қайтариб бериш ҳамда юк автомашиналарини шаҳар ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб, ушбу йўлда ҳаракатланишини йўлга қўйиш;

Таклифларнинг 10,7 фоизи ёки 200 таси амалдаги маъмурий амалиёт ва қоидабузарликларга нисбатан жарималарни қўллаш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан берилган.

Жумладан:

  • 84 таси ёки 4,5 фоизи ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари қўпол равишда бузилганда белгиланган жарима миқдорини ошириб тайинлаш чораларини кўриш;
  • 52 таси ёки 2,8 фоизи пиёдалар йўлакчалари олдига видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ҳамда пиёдалар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилганда уларнинг айбдорлик масалаларини кўриб чиқиш;
  • 51 таси ёки 2,7 фоизи содир этилган қоидабузарликларга нисбатан нафақат жарима қўллаш, балки қоидабузарликларни баллик равишда баҳолаш тизимини жорий этиш;
  • 13 таси ёки 0,7 фоизи йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан содир этилган барча қоидабузарликларга нисбатан белгиланган жарималарни камайтириш чораларини кўриш;

Таклифларнинг 11,4 фоизи ёки 215 таси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан берилган.

Жумладан:

  • 82 таси ёки 4,3 фоизи йилнинг иссиқ фаслида тонировкаларни арзонлаштириш ёки тўловни ушбу мавсумда олиб ташлаш;
  • 63 таси ёки 3,3 фоизи ҳайдовчиларни ўқитиш ва имтиҳон олиш жараёнида инсон омилини чеклаш ва коррупциянинг олдини олиш, мактаб даврида ЙҲҚлари дарслигини киритиш ва битиргунига қадар ўқитиш;
  • 45 таси ёки 2,4 фоизи ДЙҲХХ ходимларининг малакасини ошириш, соҳани юқори интеллектуал ходимлар билан жамлаш, уларни доимий равишда малакасини ошириш бўйича ўқитиб бориш тизимини йўлга қўйиш;
  • 16 таси ёки 0,9 фоизи аниқланган жарималар ўз вақтида почта орқали эгаларига келмаслиги ва бунинг оқибатида имтиёзли тўлов амалга оширишнинг имкони бўлмаётгани;
  • 9 таси ёки 0,5 фоизи ЙҲХ йўналиши билан боғлиқ муаммо ҳамда мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмаслиги, 1102 ишонч телефони умуман ишламаслиги ва ушбу тизимни ислоҳ қилиш лозимлиги.

Таъкидланишича, ҳозирда таклифлар келиб тушиши давом этмоқда, якуний ҳисоботлар қўшимча равишда тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, йўл ҳаракати соҳасидаги муаммолар юзасидан таклифларни қуйидаги электрон почта манзилига ёхуд Facebook ва Telegram ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларга юбориш мумкин:

Электрон почта: yhxbb_taklif@mail.ru

Facebook: fb.com/yhxbb_taklif

Telegram: https://t.me/yhxbb_taklif

Мавзуга оид